Ҳиндистон элчиси Маниш Прабҳат: Мамлакатларимиз раҳбарларининг онлайн-учрашуви илиқ ва дўстона муҳитда ўтди

11.12.2020 12:09

ТОШКEНТ, 11 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган учрашувида  муҳокама қилинган долзарб масалалар аҳамияти ҳақида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳат "Дунё" ахборот агентлигига сўзлаб берди.

- Бугун унутилмас кун - Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев саммити видеоконференция шаклида ташкил этилди, - деди элчи. - Учрашув илиқ ва дўстона муҳитда ўтди. ?кки раҳбар бир-бирини яқин дўст ва стратегик шерик сифатида олқишлади.

Анжуманда Ҳиндистон ва Ўзбекистон учун манфаатли бўлган фармацевтика, савдо, тиббиёт, таълим, маданият, хавфсизлик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг стратегик масалалари муҳокама қилинди.

Бош вазир Нарендра Моди таъкидлаганидек, Ҳиндистон бугун Ўзбекистоннинг турли тармоқларида лойиҳалар амалга ошириш учун 447 миллион доллардан кўп маблағ ажратгани, шунингдек, ижтимоий ва коммуникация соҳаларида жадал ривожланиш лойиҳаларига қатор грантлар тақдим этгани мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни ёрқин ифодаловчи мисол бўла олади.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Маълумки, Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг иккита етакчи олий билим юрти - Шарда ва Амити университетлари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга расмий ташрифидан сўнг илгари сурган ташаббусига биноан, мамлакатда стартап-экотизимини яхшилаш мақсадида 14 та Ай-Ти-парк ташкил қилиш кўзда тутилган.

Видеосаммитда дунё ва Марказий Осиё минтақасидаги вазият юзасидан фикр алмашилди. Замонавий таҳдид ва хатарларга самарали қарши туриш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш масаласига тўхталиб ўтилди. Ҳиндистон худди Ўзбекистон сингари қўшни Афғонистон раҳбарияти раҳнамолигида мамлакатнинг тинч ва барқарор тараққий этиши, халқнинг эркинлиги ва ҳуқуқлари таъминланишидан манфаатдор.

Музокаралар икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун замин яратди. Бош вазир Нарендра Моди таъкидлаганидек, у Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқин кунларда Ўзбекистонга ташриф буюриб, кун тартибидаги кўплаб масалаларни муҳокама қилиш бўйича таклифини мамнуният билан қабул қилди.

Учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот ва келгуси йил ҳаракатлар режаси, шунингдек, иқтисодиёт ва инновациялар, молиявий-техник ёрдам, божхона, савдони техник жиҳатдан тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотларга оид ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар имзоланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net