Гаага конференцияси Устави ратификация қилиниши кутилмоқда

17.02.2020 11:12

ТОШКЕНТ, 17 февраль. /«Дунё» АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасида «Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасининг дастлабки муҳокамаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири парламент қуйи палатаси манбасига таяниб.

Маълумки, Гаага конференцияси 1893 йилда ташкил этилган бўлиб, у халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади.

Ташкилотнинг асосий мақсади – халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини босқичма-босқич унификация қилишга кўмаклашишдан иборат.

Ҳозирги кунда ташкилотга 82 та давлат, шу жумладан, Европа ?ттифоқи аъзо саналади. МДҲ давлатлари орасидан эса конференцияда Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон ва Россия қатнашади.

Гаага конференцияси 1955 йил 15 июлда кучга кирган Устав асосида фаолият юритади.

Парламент қуйи палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасида бўлиб ўтган муҳокамада мазкур ташкилот Уставини ратификация қилиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Қўмита аъзоларининг фикрича, мамлакатимизнинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши  халқаро фуқаролик, оилавий ва хусусий ҳуқуқнинг унификацияси жараёнида Ўзбекистон Республикаси иштирокини таъминлашга, пировард натижада эса, давлатимизнинг халқаро ҳамжамиятга янада интеграциялашувини чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар якунида қўмита аъзолари қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун тавсия этиш тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ушбу масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net