Элчи Маниш Прабҳат: Covid-19 инқирозига қарамасдан, 2020 йилда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ўсди

13.02.2021 09:56

ТОШКЕНТ, 12 февраль. /«Дунё» АА/. Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида кеча Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳатнинг оммавий ахборот воситалари учун икки мамлакат ўртасидаги стратегик муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Музаффар Комилов.

Элчи Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг 2015 йил июль ва 2016 йил июнь ойларида Тошкентга ташрифи ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ва 2019 йил январь ойларида Ҳиндистонга сафарларидан сўнг ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Пандемия ҳолатига қарамасдан, томонлар юқори даражадаги фаол мулоқотни давом эттирди, шу жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Нарендра Моди ўртасида 2020 йил декабрь ойида виртуал саммит ўтказилди.

Ҳиндистон элчиси Covid-19 инқирозига қарамасдан, 2020 йилда Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 25 фоизга ўсгани ва 440 миллион долларни ташкил этганини таъкидлади. Ҳиндистоннинг Ўзбекистонга киритган сармояси 12 фоизга ўсгани, айниқса,  фармацевтика, соғлиқни сақлаш, қурилиш, кимё саноати, автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш каби соҳаларга йўналтирилган маблағлар ошганини қайд этди.

Бугун Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг грант кўмаги доирасида қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Жаваҳарлал Неру номидаги Ахборот технологиялари маркази, Тошкентдаги Ўзбекистон-Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш маркази, олий ўқув юртларида очилган "Ҳиндистон хоналари" ва бошқалар шулар жумласидандир.

Дипломат таълим соҳасидаги алоқалар ҳақида сўз юритиб, 1993 йилдан бери ITEC дастури доирасида Ўзбекистон вакиллари таълим олиб келаётганига эътибор қаратди. Бугунги кунга қадар 2 минг 400 дан ортиқ мутахассис Ҳиндистондаги етакчи муассасаларда малака оширди. Ҳар йили 170 дан ортиқ вакил турли курсларда қатнашмоқда.

Тадбир иштирокчиларига халқаро ташкилотлар доирасидаги Ҳиндистон-Ўзбекистон алоқалари тўғрисида ҳам маълумот берилди. Хусусан, Ҳиндистон ШҲТга умумэътироф этилган халқаро меъёрларларга асосланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим минтақавий ташкилот сифатида қарайди.

- Биз умумий географик маконда жойлашганмиз, бу эса минг йиллар давомида икки йўналишда мунтазам тарзда одамлар ҳаракатланишини, ғоялар ва товарлар алмашинувини осонлаштирган, урф-одатларимиз ва тилларимизда ўчмас из қолдирган, - деди Маниш Прабҳат. - Ҳиндистон фаол, ижобий ва конструктив иштироки билан ШҲТ доирасидаги ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришга интилмоқда.

Шунингдек, элчи Covid-19 мавзусига тўхталар экан, Ҳиндистон сўнгги пайтларда Ҳинд океани минтақаси давлатларига миллионлаб Covid-19 вакциналарини бепул етказиб берганини маълум қилди. Ҳиндистон турли мамлакатларга бир миллиарддан ортиқ коронавирус вакцинасини етказиб беришга розилик берган.

Ҳиндистон Ўзбекистон томонидан сўралган медикаментларни бепул етказиб берди, Covid-19га қарши курашиш учун муҳим дори-дармонларни экспорт қилиш тўғрисидаги тақиқни бекор қилди. Шунингдек, ўзбекистонлик тиббиёт мутахассисларининг малакасини ошириш учун e-ITEC электрон дастурлари ўтказилди.

Ҳиндистон элчихонаси Ўзбекистондаги ҳинд диаспораси билан икки томонлама савдо, инвестициявий ва маданий алоқаларни янада ривожлантиришда фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда.  Тошкент ҳинд клуби фаол жамоат платформаси бўлиб, унинг аъзолари, турли соҳаларда меҳнат қилиб, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net