Душанбедаги саммитдан сўнг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик Ўзбекистонга ўтади

15.09.2021 12:48

ТОШКЕНТ, 15 сентябрь/«Дунё» АА/. 16-17 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишида иштирок этади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон бугунги кунда дунёдаги энг йирик ва нуфузли минтақавий ҳамкорлик тузилмаларидан бири бўлган мазкур ташкилотнинг таъсис этган давлатлардан биридир. 2001 йил 15 июнь куни ШҲТ ташкил этилганидан буён йигирмата олий даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Навбатдаги саммит Тожикистон томони раислигида гибрид форматда ташкил этилади. ШҲТ Низомига мувофиқ, 2021-2022 йилларда ШҲТ раислиги Ўзбекистонга ўтади ва мамлакатимизда ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилади.

Давлат раҳбарлари кенгаши ШҲТнинг асосий органи ҳисобланади. Ташкилотнинг кўп қиррали ҳамкорлиги ва фаолиятини ривожлантириш стратегияси, истиқболлари ва устуворликларини, ШҲТнинг бошқа халқаро тузилмалар ва давлатлар билан ўзаро ҳамкорлигининг энг долзарб халқаро муаммолари ва масалаларини кўриб чиқади ва аниқлайди. Ташкилотнинг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга қаратилган принципиал қарорлар қабул қилади, шунингдек, ШҲТнинг ички тузилиши ва фаолиятининг асосий масалаларини ҳал қилади. Кенгаш, шунингдек, Бош котиб ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижрочи директорини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод этади.

Мамлакатимиз ШҲТни терроризм, экстремизм, сепаратизм, наркотрафик, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, ўзаро манфаатли кўп томонлама савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик воситаси деб билади.

ШҲТ платформаси ўзининг йирик аъзо давлатлари - Хитой, Россия ва Ҳиндистон билан тенг сиёсий мулоқотни таъминлашга, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг кенг кўламли масалалари юзасидан фикр алмашишга кўмаклашади.

Ўзбекистоннинг фикрича, бугун ШҲТ жаҳонда тўлақонли ва нуфузли халқаро ташкилот сифатида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга.

Ҳиндистон ва Покистоннинг тўлиқ аъзолиги натижасида 2017 йилдаги кенгайишдан сўнг, ШҲТ Евроосиёнинг универсал кун тартибига эга энг йирик трансминтақавий ташкилотига айланди.

Бугунги кунда ташкилот платформаси Ўзбекистонга минтақавий барқарорликни таъминлаш, жумладан, Афғонистон йўналишида, Марказий Осиё ва ШҲТ маконининг улкан транспорт ва транзит салоҳиятини очиш, пандемиядан кейинги даврда иқтисодий ривожланиш учун қўшимча захираларни ишга тушириш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ва бошқа устувор ҳамда стратегик соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича энг муҳим ташаббусларни илгари суриш имконини бермоқда.

Ўзбекистон ташкилотга уч марта - 2003-2004, 2009-2010 ва 2015-2016 йилларда муваффақиятли раислик қилди.

Тошкентда бўлиб ўтган 2016 йилги саммитда 2017 йилдан эътиборан Ҳиндистон ва Покистонга ШҲТга аъзо давлатлар мақомини бериш имконини берувчи муҳим тарихий келишувларга эришилди.

2017-2020 йилларда Ўзбекистон ШҲТ саммитларида хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт ва логистика, АКТ ва рақамлаштириш, маданий-гуманитар, туризм, халқ дипломатияси соҳаларидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва ташкилотнинг мавжуд органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 32 та ташаббусни илгари сурди.

Хавфсизлик, транспорт, иқтисодиёт, илмий-техник ва рақамли ривожланиш, туризм ва халқ дипломатияси каби тематик соҳаларни қамраб олган 11 та ташаббус амалга оширилди. Ҳозирги кунда қолган ташаббусларни ҳаётга тадбиқ этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Долзарблиги ва амалий аҳамиятини инобатга олган ҳолда республикамиз ташаббуслари ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Улар АКТ ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга янги туртки берди. Ушбу ташаббусларнинг аксарияти ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги шаклларини ишга тушириш имконини берди. Жумладан, темир йўл маъмуриятлари раҳбарлари учрашувлари механизми яратилди, ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази ва Самарқанд шаҳрида «?пак йўли» халқаро туризм университети фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ШҲТнинг 2020 йил 10 ноябрь куни бўлиб ўтган онлайн-саммитида ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларида 12 та муҳим ташаббусни илгари сурди. Ушбу таклифларни тўлиқ амалга ошириш учун идоралараро ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Айни пайтда Ўзбекистоннинг ШҲТга бўлажак раислиги учун фаол тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, ташкилот раислиги концепцияси ва режаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу ҳужжатлар Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги саммит доирасида ШҲТга аъзо давлатларга тақдим этилади.

Ўзбекистон ШҲТга раислигининг устувор йўналишлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган ташқи сиёсий фаолиятнинг энг муҳим вазифаларига мувофиқ, шунингдек, ташкилот доирасида Ўзбекистон томонининг асосий ташаббусларининг амалий ижросини таъминлашга қаратилган ҳолда ишлаб чиқилади. Транспорт соҳасининг ўзаро боғлиқлиги, ШҲТ ишида иқтисодий механизмни мустаҳкамлаш, пандемия оқибатларига қарши курашиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга янада фаол жалб этиш  шулар жумласидандир.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net