ТОШКЕНТ, 20 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов видеоконференцалоқа шаклида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча билан мулоқот қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, онлайн-тадбир чоғида Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида илгари сурган ташаббусларини рўёбга чиқаришнинг ҳамда Ташкилот билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни бажаришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Томонлар транспорт-логистика, технологик ва инновацион боғлиқликни ривожлантиришга оид айрим халқаро ва минтақавий масалалар бўйича ҳам фикр алмашди.