Бухорода бўрондан жабр кўрган тадбиркорлар фаолиятини тиклашга кўмаклашилди

11.05.2020 12:17

ТОШКЕНТ, 11 май. /«Дунё» АА/. Жорий йилнинг 8-10 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов бошчилигидаги вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ Бухоро вилоятининг Олот, Қоракўл ва Жондор туманларида бўлиб, жорий йил апрель ойининг охирида бўрондан жабр кўрган маҳаллий тадбиркорлар (биринчи навбатда - иссиқхоналар эгалари) билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манбасига асосланиб.

Гуруҳ аъзолари мазкур учта тумандаги ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрлар билан биргаликда корхоналарни имкон қадар тезроқ тиклаш учун молиявий қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари ҳамда алгоритмларини ишлаб чиқди. Хусусан, бир қатор тадбиркорларга мавжуд кредитлар бўйича қарзларни таркибий ўзгартириш, етказилган зарарни баҳолашни тезлаштириш, суғурта компаниялари томонидан суғурта полислари учун тўлов жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, иссиқхоналар ва саноат корхоналари ишини қайта тиклаш билан боғлиқ бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, тижорат банклари раҳбарлари билан биргаликда учта туманда 2 мингга яқин янги иш ўрнини яратишга мўлжалланган боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида 170 та лойиҳани молиялаштиришни тезлаштириш бўйича иш олиб борилди. Ушбу лойиҳалар тўпламини шакллантиришда истиқболли соҳалар ва тармоқларда фойдаланилмаётган захираларни имкон қадар тўлиқ, иқтисодий самара билан қамраб олиш мақсадида туманларнинг қишлоқ хўжалиги ва саноат салоҳияти ҳисобга олинди.

Жойларда инфратузилма объектларига етган зиённи бартараф этиш, мавжудларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Жондор, Когон, Қоровулбозор, Ромитан, Пешку, Бухоро туманларида ичимлик суви таъминоти тизимларини ривожлантириш, шунингдек, Қоракўл, Олот, Ғиждувон, Ромитан ва Қоровулбозор туман марказларида оқова сув тизимларини қуришга йўналтирилган лойиҳаларни шакллантириш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, Осиё инфратузилма инвестициялари банки билан Бухоро вилоятида миллий, минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларини реконструкция қилишни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Барча ишлаб чиқилган механизм ва кўрсатмалар ижросини таъминлаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, янги корхоналарни ишга тушириш муддатлари тасдиқланди. Уларни самарали амалга ошириш мақсадида тегишли идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари таркибидан ижро учун масъуллар белгиланди.

Ушбу чора-тадбирлар ва кўрсатмалар ижроси Бош прокуратура томонидан қатъий ва мунтазам мониторинг қилиб борилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net