БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш: COVID-19 даврида шаҳарлар оғир инқирозни бошидан кечирмоқда

29.07.2020 09:43

ТОШКEНТ, 29 июль. /«Дунё» АА/. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш «Шаҳар дунёсидаги COVID-19» мавзусида видеомурожаат йўллади. БМТ Бош котиби ўз нутқида  шаҳар ҳаётини ташкил этиш усулларини тубдан қайта кўриб чиқишга чақирди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Видеомурожаатнинг асосий мақсади соғлом турмуш тарзи ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун шароит яратишга қаратилган.

Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, шаҳарларда COVID-19 эпидемиясининг тарқалиш кўрсаткичи юқори бўлиб, вирус билан касалланиш ҳолатларининг 90 фоизини ташкил қилмоқда.

БМТ Бош котиби фикрига кўра, шаҳарлар оғир инқирозни бошидан кечирмоқда. Уларнинг аксарияти соғлиқни сақлаш тизимининг ишдан чиқиши, сув ва санитария хизматларининг етишмаслиги ва бошқа муаммоларга дуч келмоқда. Пандемия урбанизация туфайли кучайган чуқур тенгсизлик, айниқса, камбағаллик даражаси юқори бўлган жойларни кўрсатиб берди.

«Биз вабога қарши кураш ва тикланиш йўлида ўз шаҳарларимизни инсон ҳаёти, инновациялар ва ихтиролар марказлари сифатида қайта  қурамиз», деди Антониу Гутерриш.

Бош котибнинг қайд этишича, масофадан туриб ишлаш усулининг тезкор жорий этилиши жамиятнинг таҳдидларга қарши туриш учун қисқа муддатларда мослашиш мумкинлигини кўрсатди. Шаҳарларни қайта қуриш учун иқлим ўзгариши ва ифлосланиши билан боғлиқ инқирозларни бошқаришда тезкор ва қатъий ҳаракатлар қилиш зарур.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби қайта тиклаш даврида шаҳарлар барқарор ва адолатли ривожланиш марказлари бўлиши кераклиги ҳақидаги ғояни илгари суриб, барча давлатлар етакчиларини коронавирус инқирозидан чиқиш бўйича чора-тадбирлар доирасида шаҳарлар инфратузилмасини қайта кўриб чиқишга чақирди.

А.Гутерриш ҳозирги вақтда ва келажакдаги пандемия эҳтимолига мослашиш қуйидаги учта йўналишда ҳаракат қилиш орқали "шаҳарлар дунёсини" ўзгартириш вақти келганини билдирди.

Биринчидан, шаҳарлар ривожланишидаги тенгсизликни бартараф этиш ва ижтимоий бирликни таъминлаш зарур. Бунда, аввало, аҳолининг энг заиф қатлами ва уларга эътибор қаратиш, уларнинг сув ва санитария шароитларидан фойдаланишини таъминлаш таклиф этилди.

?ккинчидан, марказий ва маҳаллий ҳокимиятлар ўртасидаги яқин ҳамкорликни талаб қиладиган маҳаллий бошқарувни кучайтириш керак. Шу билан бирга, мақсадли рағбатлантириш ва ёрдамнинг бошқа турлари маҳаллий ҳокимият органларининг ўз ҳудудларини самарали бошқариш имкониятларини кучайтириши лозим.

Учинчидан, яшил, барқарор ва ҳар томонлама иқтисодий тикланиш йўлини белгилаш даркор. Янги велосипед йўлаклари ва пиёдалар учун зона яратиш жамоат жойларини қайта тиклайди, ҳаракатчанлик ва хавфсизликни оширади, ҳаво сифатини яхшилайди. Шу билан бирга, яшил трансформацияни ва иш ўринларини яратишни рағбатлантирувчи чора-тадбирлар углерод истеъмолини камайтириш ва барқарор ривожланишни таъминлашга ёрдам беради.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг нутқи дунёнинг кўплаб мамлакатларида узоқ вақтдан бери ечимини кутаётган урбанизация муаммоларини яна бир бор аниқ қайд этиш имконини берди.

Пандемия ҳокимият идораларидан шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, аҳоли гуруҳлари ўртасидаги турмуш даражасини тенглаштириш ва инқирозли вазиятларга тайёрликни таъминлаш зарурлигини кўрсатди.

Европа ва Жануби-Шарқий Осиёдаги қатор мамлакатларда аллақачон шаҳарларнинг янги қиёфасини яратиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Транспорт воситалари сони чекланмоқда, «яшил ороллар» ва «соғлиқни сақлаш зоналари» кенгаймоқда, саноат ва хизматларни ривожлантириш учун экологик имтиёзлар жорий этилмоқда.

«Дўстона ва соғлом» шаҳар муҳитини шакллантириш, бир томондан, аҳолининг соғлиғини яхшилаш учун муҳим шартлардан бирига айланса, бошқа томондан «Яшил шаҳар», «Спорт шаҳри», «Рақамли шаҳар» каби лойиҳаларни амалга ошириш орқали одамларни иш билан таъминлаш имкониятини оширади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net