БМТ Бош Ассамблеяси 2020 йилда 257 та резолюция ва 67 та қарор қабул қилган

18.01.2021 15:32

ТОШКEНТ, 18 январь. /«Дунё» АА/. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2020 йил жами 257 та резолюция ва 67 та қарор қабул қилган, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири «БМТ янгиликлари» электрон порталига асосланиб.

Бу ҳақда Бош Ассамблеянинг 75-сессияси раиси Волкан Бозкир маълум қилди.

«Бугунги кунга қадар ўтказилган сессиялар давомида Бош Ассамблея 80 та ялпи мажлис ўтказди, уларда 257 резолюция ва 67 қарор қабул қилинди.  Шунингдек, Бош Ассамблея фаолиятининг муҳим қисми ҳисобланган асосий қўмиталар COVID-19 муносабати билан юзага келган вазиятга мослашиб, зиммасидаги вазифаларни муносиб бажарди. Қўмиталарда делегатларнинг ҳам виртуал, ҳам шахсий учрашувлари бўлиб ўтди», — деди раис.

Шунингдек, у Бош Ассамблея ?нсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга ва Халқаро судга сайловларни муваффақиятли ўтказганини эслатиб ўтди.

«Пандемия шароитига қарамасдан, Ассамблея ушбу сессияда режалаштирилган барча юқори даражадаги учрашувларни ўтказди. Бу жуда муҳимдир. Биз бирон бир учрашувни кейинги муддатларга қолдирмадик ёки бекор қилмадик. Мен бу натижани Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар ва Бош Ассамблеянинг муваффақияти, деб ҳисоблайман», — деди Волкан Бозкир.

75-сессия раиси, шунингдек, бугунги кунда дунё COVID-19 туфайли «Буюк депрессия»дан бери энг чуқур глобал таназзулга юз тутганини ва 1870 йилдан буён даромадларнинг энг катта миқдорда пасайишига дуч келаётганини таъкидлади. Унга кўра, пандемия катта миқдорда ташқи қарзи бор, шунингдек, туризм, чет эл инвестициялари ва экспорт даромадларига мустаҳкам боғланиб қолган мамлакатларга энг катта зарар етказган. Шу муносабат билан Волкан Бозкир унинг ташаббуси билан тузилган энг кам ривожланган, денгизга чиқиш имконияти йўқ ривожланаётган мамлакатлар ва кичик ороллардаги ривожланаётган давлатлар бўйича маслаҳатчилар гуруҳи тузилганини эслатиб ўтди.

Волкан Бозкирга кўра, у Бош Ассамблея ишида аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича гендер бўйича маслаҳат гуруҳини ташкил этиш ташаббуси билан ҳам чиққан.

Шунингдек, у истиқболдаги режалар, хусусан, қатор муҳим учрашувлар, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича иккинчи махсус сессияни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди. Бундан ташқари, келгуси ҳафта энергетика масалалари бўйича учрашув ўтказилади, сўнгра ўрта даромадли мамлакатларни ривожлантириш бўйича ялпи мажлис ташкил этилади.

Апрель ойида Бош Ассамблеяда чўлланиш, ерларнинг таназзулга учраши ва қурғоқчилик масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқот, сўнгра сув ресурслари бўйича йиғилиш ўтказилади. 27 апрель куни Бош Ассамблея делегатлари рақамли технологиялар билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилади ва июнь ойида улар коррупцияга қарши курашишга бағишланган иккинчи махсус сессия доирасида йиғилади.

Бош Ассамблеянинг юбилей 75-сессияси 2020 йил сентябрда иш бошлади ва 2021 йил сентябрда якунланади. Анъанага кўра, унинг асосий тадбирлари  Янги йилгача ўтказиб бўлинди. Бу вақтга қадар барча олтита асосий қўмита Ассамблеянинг ялпи мажлисларида ўз маърузаларини тасдиқлаш учун топширди. Шу билан сўнг сессиянинг асосий қўмиталари мунтазам тарзда ишламайди, аммо зарур ҳолларда тўпланиши мумкин.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net