БМТ билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

17.06.2020 11:36

ТОШКЕНТ, 17 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Сенат ахборот хизмати манбасига асосланиб.

Унда яқинда имзоланган БМТ ва унинг ихтисослаштирилган институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш Ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) доирасида ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳаракатлар режаси барча, айниқса, жамиятнинг заиф ва эҳтиёжманд қатламлари учун инсон салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида миллий, минтақавий ва глобал даражада БМТ тизими билан ҳамкорлик муносабатларини чуқурлаштириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган.

Ўзбекистон БМТнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. У 2015 йилнинг сентябрида БМТга аъзо барча давлат томонидан қабул қилинган 2030 йилгача бўлган даврда барқарор тараққиёт соҳаси кун тартибини имзолаган. Унга кўра, мамлакатимиз хавфсиз ва соғлом сайёрада барча одамлар учун тенглик, тараққиёт, қадр-қиммат ва адолат ҳукм сурадиган тинчликка интилиш бўйича глобал мажбуриятларни зиммасига олди.

Таъкидлаш жоиз, юқоридаги мажбуриятлар 2017 йилнинг февралида қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида тўлиқ ўз аксини топган.

– Маълумки, жорий йилда БМТнинг 75 йиллиги нишонланади, – деди С.Сафоев. – Ўтган вақт мобайнида инсоният тараққиёти, жаҳон урушларининг содир бўлмаслигида БМТ муҳим роль ўйнади. Шу жиҳатдан Президентимизнинг Ўзбекистонни БМТ ва унинг ихтисослашган институтлари билан ҳамкорлигини ҳар томонлама чуқурлаштириш, уни сифат нуқтаи назаридан янги босқичга олиб чиқиш борасида берилган топшириқлари асосида йўл харитаси ишлаб чиқилди. У 17 та йўналишни ўз ичига қамраб олади. Яъни давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсий ташаббуслари, барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган таклифларини илгари суриш ва уларни амалга ошириш бўйича хатти-ҳаракатлар, қолаверса, бугунги кунда дунёда глобал вазиятда иқтисодий барқарор ривожланишни таъминлаш ва унга эришишга қаратилган фикр-мулоҳазалар ўрин олган. Бундан ташқари, БМТнинг институтлари билан биргаликда соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, маданият, туризм каби соҳаларда янги дастурларни амалга ошириш кўзда тутилган. Содда қилиб айтганда, мазкур йўл харитаси Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигини янги поғонага кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувда қайд этилганидек, БМТнинг юбилей йилида кўп томонлама ёндашувга содиқлиги белгиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ушбу Ҳаракатлар режасини қабул қилади.

– Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Ҳукумати билан доимий ҳамкорлигимизни янада кучайтиради, деб ўйлайман ва белгиланган мақсадларни амалга оширишда барча кучларимизни сафарбар этамиз, – деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер. – Йўл харитасининг июнь ойида имзолангани рамзий маънога эга. Хусусан, 75 йил аввал, 26 июнь куни БМТ Низоми имзоланган.

Шунингдек, учрашувда йўл харитасини биргаликда бажариш, унинг механизмларини ишлаб чиқиш муҳокама қилинди.

Ойда бир бор Ўзбекистон тегишли вазирлик ва идоралари мутасаддиларининг БМТ вакиллари билан йўл харитасини бажариш бўйича мониторингини юритиш, бунда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда жамоатчилик назоратини олиб боришга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net