АҚШнинг етакчи тадқиқот марказида Афғонистон муаммосини тинч йўл билан барқарорлаштириш масалалари муҳокама қилинди

28.07.2020 11:50

ВАШ?НГТОН, 28 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Американинг етакчи илмий-тадқиқот маркази — Америка Қўшма Штатлари Тинчлик институтида (United States Institute of Peace - USIP) «Афғонистоннинг тинч келажаги: Марказий Осиёни қўллаб-қувватлаш» мавзуида ўтказилган онлайн-анжуманда иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

USIP - Президент Рональд Рейган ташаббуси билан 1984 йил ташкил этилган мустақил таҳлил марказидир. ?нститут низоларнинг олдини олиш ва уларга ечим топиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларини ўрганади. Муассаса фаолияти АҚШ Конгресси томонидан молиялаштирилади. Ташкилот АҚШ Президенти томонидан тайинланадиган 12 кишилик Директорлар кенгаши томонидан бошқарилади. Шунингдек, унинг таркибига  давлат котиби, мудофаа вазири ва миллий мудофаа университети президенти киради.

Афғонлараро тинчлик музокараларини ривожлантириш истиқболлари, Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мамлакатнинг минтақавий жараёнларга интеграциялашуви, унинг коронавирус пандемияси билан боғлиқ бўлган муаммоларга курашини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ушбу жараёнларда Марказий Осиё давлатларининг ўрни каби масалалар брифингнинг асосий мавзуси айланди.

Брифинг Youtube канали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Тадбирда расмий доиралар, илмий марказлар, нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, ишбилармон доиралар, шунингдек, дипломатик корпус вакиллари онлайн тарзда иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Афғонистоннинг АҚШдаги элчилари, АҚШнинг Афғонистонни яраштириш бўйича махсус вакили Залмай Халилзод маъруза қилди.

Конференцияда Ўзбекистон томонидан Афғонистон инқирозини ҳал қилиш, Кобул ва мамлакатнинг асосий ички сиёсий кучлари ўртасида тинчлик музокаралари жараёнини илгари суриш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида маълумот берилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкентда Афғонистон масалалари бўйча ўтказилган конференция ва унда қабул қилинган декларациянинг аҳамиятига алоғида эътибор қаратилди. Мазкур халқаро анжуман халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда барқарорликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва ёндашувларини бирлаштириш, шунингдек, «Кобул жараёни»ни жонлантиришга янги туртки берди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларига оид маълумотлар ҳам анжуман иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, транспорт ва энергетика инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари, савдо-сотиқни ривожлантириш, Афғонистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий жараёнларга интеграцияси масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистоннинг АҚШдаги элчиси Роя Раҳмоний Афғонистон инфратузилмасини ривожлантиришда Марказий Осиё давлатларининг ролини таъкидлаб, айниқса, пандемия даврида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги темир йўл муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

—Ўзбекистон ва Афғонистонни темир йўл боғлаб туради. Унинг ҳар кунлик фаолияти пандемияни бартараф қилишда алоҳида ўрин тутмоқда. Афғонистон ушбу темир йўл мавжудлиги самарасида Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойга маҳсулот этказиб беришга муваффақ бўлмоқда, — деди афғонистонлик дипломат.

Анжуманда, шунингдек, электр энергиясини етказиб беришда Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик мавжудлиги қайд этилди. Маълумки, Ўзбекистон “Сурхон-Пули-Хумри” электр узатиш линиясини қуриш бўйича йирик инфратузилма лойиҳасини амалга оширишда иштирок этмоқда. У Кобулни Ўрта Осиёнинг ягона энергия тизимига улайди ва Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришни 70 фоизга оширади, яъни йилига 6 миллиард кВт энергия экспорт қилиш имконияти яратилади.

?штирокчилар Афғонистонда инсон салоҳиятининг аҳамияти тўғрисида якдил фикр билдирди. Шу нуқтаи назардан, Термиз шаҳридаги Таълим марказининг роли долзарб бўлиб, унда афғон ёшлари олий ва касб таълимининг турли йўналишлари бўйича таҳсил олиш имкониятига эга.

Залмай Халилзод Афғонистоннинг ривожланишини барқарор тинчликнинг асосий омили сифатида қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида Афғонистоннинг Марказий Осиё минтақаси билан иқтисодий интеграцияси жараёнларини қўллаб-қувватлаш тарафдори эканини яна бир бор таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, у Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликнинг уч томонлама формати муваффақиятли бошланганини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида «Ўзбекистон-Афғонистон-АҚШ» уч томонлама форматида биринчи марта ўтказилган вазирлар учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ушбу форматдаги иқтисодий масалалар бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ташкил этилганди. Учрашув чоғида Афғонистонни иқтисодий тиклаш масалалари, транспорт, энергетика, савдо, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинганди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net