АҚШнинг Афғонистон бўйича Махсус вакили билан учрашув

29.02.2020 10:57

ТОШКEНТ, 29-февраль. /"Дунё" АА/. 2020-йилнинг 28-феврал куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация ва АҚШнинг Афғонистон бўйича Махсус вакили Залмай Халилзод ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири вазирлик матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда.

Учрашувда Афғонистондаги ҳозирги вазият, ушбу мамлакатда тинчлик сиёсий жараёнини тезроқ бошлаш бўйича томонларнинг саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Залмай Халилзод Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Афғонистонга нисбатан дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашув тамойилларига асосланган мутлақо янги сиёсатни амалга ошираётганини қайд этди. Буни афғон халқи ҳам, дунёнинг бошқа мамлакатлари, жумладан АҚШ ҳам эътироф этади.

Яқинда АҚШ Давлат котиби Майкл Помпеонинг Ўзбекистонга ташрифи Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини янада ривожлантиришга янги кучли туртки бергани ва афғон йўналишидаги икки томонлама ҳамкорликнинг асосий истиқболлари ва йўналишларини белгилаб бергани алоҳида таъкидланди.

АҚШ томони Афғонистонда миллий иқтисодиётни тиклашга қаратилган турли лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришни муҳим деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан Залмай Халилзод Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади, айниқса уларнинг яхлитлиги, амалийлиги ва узоқ муддатли натижаларга йўналтирилганини таъкидлади.

 

Сурат: Т?В матбуот хизмати

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net