Афғонистон телеканали Ўзбекистон Президенти ташаббуслари ҳақида кўрсатувлар эфирга узатди

26.09.2020 10:07

КОБУЛ, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Афғонистоннинг “Ayna TV” телеканалида дарий ва ўзбек тилларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессиясидаги нутқига бағишланган ахборот-таҳлилий кўрсатувлар эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу дастурларда мамлакатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилиши, 2020 йил сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлаши, ушбу диёрда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий диққат-эътибори марказида туриши зарурлиги, қўшни афғон юртида тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилиши минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти экани, музокараларда афғонистонликларнинг жафокаш афғон халқи келажагини белгилашда ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутиши кераклиги ҳақидаги фикрларига алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишдаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида маълумот берилар экан, 2018 йил 27 март куни Тошкентда Афғонистонга бағишлаб ўтказилган халқаро конференция муҳим воқеа бўлгани ва унда афғон муаммоси халқаро даражада муҳокама этилгани телетомошабинлар эътиборига ҳавола этилди.  

Бундан ташқари мамлакатимизнинг Афғонистонга турли соҳаларда кўрсатаётган ёрдами юксак баҳоланди. Ўзбекистон томонидан Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича олиб борилаётган ишлар, минтақада иқтисодий интеграция жараёнларига Афғонистонни кенг жалб этиш мақсадида «Сурхон - Пули Хумри» электр узатиш тармоғини ва Мозори-Шарифдан Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қурилиши каби йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга киришилгани, шунингдек миллий кадрларни тайёрлаш каби соҳаларда кўрсатилаётган амалий ёрдам алоҳида олқишга сазовор экани телетомошабинларга етказилди.

Ўзбекистон Президентининг БМТ ҳузурида афғон халқининг ғам-ташвишини эшитадиган доимий фаолият юритувчи кўмита тузиш ва бу кўмитанинг асосий вазифаси Афғонистонни иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига қаратилиши лозимлиги борасида илгари сурган ташаббуси юксак баҳоланди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуси нафақат Афғонистон халқи ва ҳукумати, балки халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирилди.

Кўрсатув якунида Ўзбекистон афғонлараро тинчлик музокараларининг бир даврасига мезбонлик қилишга тайёрлигини эълон қилгани алоҳида таъкидланди.

2004 йилда ташкил этилган “Ayna TV” телерадиокомпанияси маълумотларни халқаро даражада тарқатиш бўйича биринчи афғон хусусий телеканали ҳисобланади. Телеканал дастурлари 24 соат давомида дарий, ўзбек, пушту ва туркман тилларида эфирга узатилади.  

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net