Афғонистон элчиси: Ўзбекистон олий даражали анжуман ва тадбирларда жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини доимо Афғонистон муаммоси ва уни тинч

27.09.2020 10:11

ТОШКЕНТ, 27 сентябрь. /“Дунё” АА/. Афғонистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Холид Элмий “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича ўртага ташлаган ташаббусига муносабат билдирди.

- Ўзбекистон Республикаси Президента Шавкат Мирзиёев олий даражали анжуман ва тадбирларда жахон ҳамжамиятининг эътиборини доимо Афғонистон муаммоси ва уни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратади, Ўзбекистоннинг бу борадаги ташаббуслари таҳсинга сазовордир, - деди дипломатик миссия раҳбари. - Дарҳақиқат, Афғонистон тарихий, жуғрофий ва маданий нуктаи назардан Марказий Осиёнинг ажралмас қисмидир. Ғазнавийлар, темурийлар ва бобурийлар даврига мансуб тарихий мерос ва муштарак маданиятларимиз бунинг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси юқори минбаридан сўзга чиқиб, Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми деб аташлари, биз, афғонлар ва Афғонистон ҳукумати учун катта геосиёсий аҳамиятга эга.

Президентнинг Доҳадаги тинчлик музокараларининг давом эттирилиши, тинчлик ўрнатиш, транспорт-коммуникация йўлакларини яратиш, Ҳинд океани портларига чиқадиган темир йўл қуриш, “Сурхон-Пули-Ҳумри” электр узатиш тармоғини бунёд этиш лойиҳалари орқали Афғонистонни минтақадаги иқтисодий интеграция жараёнларига кенг жалб этиш ҳамда БМТ таркибида афғон халқининг муаммоларини тинглайдиган ва тинчлик жараёнига кўмаклашадиган доимий қўмита тузиш зарурлиги ҳақидаги таклифлари Афғонистон учун жуда катта аҳамиятга эга. Ҳеч бир қўшни мамлакатнинг раҳбари ўз нутқларида Афғонистон мавзусига бундай таъсирчан равишда тўхталиб ўтмади. Ўзбекистон етакчисининг мазкур ташаббуслари Афғонистонга бўлган чуқур дўстлик ва самимийликдан далолат беради.

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон муаммосини фақат биргаликда ва яқин ҳамкорликда, жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштирган ҳолда ҳал қилиш мумкин, деган таклифини қўллаб-қувватлаймиз. Биз тинчлик музокараларига катта умид боғлаганмиз. Афғонистон демократик ривожланиш йўлини танлаган, мамлакатда аёллар ҳуқуқлари таъминланмоқда, оммавий ахборот воситалари эркин фаолият олиб бормоқда, ҳаётнинг барча жабҳаларида катта ютуқлар қўлга киритилмоқда, уларни инкор этиб бўлмайди.

Афғонистондаги уруш ташқаридан киритилган, афғон халқи урушдан, зўравонликдан чарчади, давлатимиз 18 йилдан буён ?слом Республикаси сифатида танилган, мамлакатда шариат қонунлари ишламоқда, биз толибларни тинчлик, биродарлик ва самимийлик фазосида биргаликда яшаш ва ишлашга чақирамиз.

Таъкидлаш жоизки, пандемия шароитида Ўзбекистон Афғонистонга келадиган дори-дармон ва озиқ-овқатлар учун ўз чегарасини очиб қўйди, ҳозирда бундай маҳсулотлар ҳеч қандай тўсиқларсиз Ўзбекистон ҳудуди орқали мамлакатимизга кириб келмоқда. Ўзбекистон бундай қийин шароитда Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами етказди.

Шуни алоҳида қайд қилмокчиманки, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон раҳбари биринчи марта шундай нуфузли ташкилот минбаридан ўзбек тилида нутқ сўзлади, деган кўплаб хабарлар тарқалди, буни Афғонистонда истиқомат қилувчи ўзбек миллатига мансуб аҳоли қизғин олқишлади. Фурсатдан фойдаланиб, эслатиб ўтмоқчиманки, 1399 йил 29 мезон санаси, яъни 2020 йил 20 октябрь куни Афғонистонда Ўзбек тили миллий куни кенг нишонланади.

Худо хоҳласа, Афғонистонда тез орада тинчлик ва осойишталик ўрнатилади, ўзаро борди-келдилар, мамлакатларимиздаги тарихий шаҳарларга зиёрат сафарлари кўпаяди.

Сўзимнинг якунида Афғонистон муаммосига қаратилаётган эътибор, жафокаш афғон халқига кўрсатилаётган ёрдам ва Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги ташаббуслар учун Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига яна бир бор миннатдорчилик билдираман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net