Шавкат Мирзиёев: “Ҳаммаси халқимиз ўтмишни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, ҳозирги тинч ҳаётни қадрлаши учун қилинмоқда”

31.08.2020 15:05

ТОШКЕНТ, 31 август. /“Дунё” АА/. Бугун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати маълумотида келтирилишича, мажмуадаги рамзий қабр ёнида қатағон қурбонлари хотирасига бағишлаб, Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлди.

- Ватан фидойиларини эслашимиз, уларнинг ҳақига Қуръон ўқишимиз яхши анъана. Маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик учун, халқимиз эмин-эркин яшаши учун курашганини биламиз. Охирги йилларда бутун жамоатчилигимиз ҳаракати билан уларнинг номларини тиклаш, музейларни янги намуналар билан тўлдириш, ижод мактаблари ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси - одамларга тарихий адолатни, ҳақиқатни етказиш учун, халқимиз у кунларни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, бугунги кунларнинг қадрига етиши учун, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, мустабид тузум даврида минглаб бегуноҳ ватандошларимизнинг умри хазон бўлган. 1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолган. Биргина 1937-38 йиллардаги катта қатағон даврида 7 мингга яқин ватандошимиз отилган.

- Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди. Шу билиб туриб қилинган. Бугун буни армон билан эслаймиз, - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари қатағонга учраган ана шу 100 минг одамнинг ҳар бири бўйича изланиш, жойларга чиқиб, қариндошлари билан учрашиб, номларини тиклаш, қилган ишлари ҳақида китоблар чоп этиш, ўзлари яшаган маҳаллалар ва мактабларга номларини қўйиб, хотирасини абадийлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги йилларда ?сҳоқхон ?брат, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари маърифатпарварлар хотирасига бағишлаб музейлар, муаззам ҳайкаллар яратилди. ?жод мактаблари бунёд этилди. Қорақалпоғистон Республикасида, барча вилоятларда Қатағон қурбонлари музейининг бўлимлари очилди. Қатағон қурбонларига бағишланган янги-янги китоблар, фильмлар, тадқиқотлар яратилмоқда.

Коронавирус пандемияси юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Афсуски, бу касаллик уч юздан зиёд юртдошимизнинг ҳаётига зомин бўлди.

Маросимда ушбу инсонлар хотирасига бағишлаб ҳам Қуръон тиловат қилинди. Беморларнинг тезроқ соғайишини Аллоҳдан сўраб, дуо ўқилди.

- Ўз яқинларидан жудо бўлган барча оилаларга чуқур ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилайман. Даволанаётган беморларимизнинг дардига шифо беришини Худодан сўраймиз. Олти ойдан бери шу бало билан курашяпмиз. Бу касаллик юртимиздан тезроқ кетишини сўраб дуо қиламиз, - деди давлатимиз раҳбари.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net