Сенат Бухоро вилоятининг сайёҳлик соҳасида ўз ечимини кутиб турган муаммобанд масалаларни бартараф этиш юзасидан қарор қабул қилди

09.08.2022 16:55

ТОШКЕНТ, 8 август. /“Дунё” АА/. Жорий йил 4 – 5 август кунлари бўлиб ўтган Сенатнинг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида Бухоро вилоятида туризм соҳасини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда хизмат кўрсатишни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида вилоят ҳокимининг ҳисоботи эшитилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, мажлисда вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди.

Хусусан, хорижлик фуқаролар учун Ўзбекистонга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сони 90 тага етказилиши натижасида 2021 йилда Бухоро вилоятига қарийб 49 минг нафар, 2022 йилнинг I чорагида эса 65 минг нафардан ортиқ хорижлик туристлар ташриф буюрган.

Пандемиядан кейин ички туризм ўсиш тенденцияси кузатилган, жумладан, маҳаллий сайёҳлар сони 2021 йилда 2,5 млн нафарни, 2022 йилнинг I чорагида эса 698 минг нафарни ташкил этган.

Вилоятда 2021 йилдан буён 28 та янги меҳмонхона, 29 та хостел, 45 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилиб, жойлаштириш воситаларининг умумий сони 430 тадан ортган, улардаги ўринлар сони эса қарийб 11 мингга етказилиши таъминланган.

Сўнгги бир ярим йил давомида вилоятга ташриф буюрган туристларга кўрсатилган меҳмонхона, овқатланиш, маданий кўнгилочар, савдо каби хизматлар экспорти 2 трлн 330 млрд сўмни ташкил этган.

Вилоятда 2022 йил I чорак якунига кўра, фаолият кўрсатаётган 31,5 мингдан ортиқ корхоналарнинг қарийб 65 фоизи хизматлар соҳасига тўғри келиб, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса 41,5 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, сенаторлар соҳадаги мавжуд камчиликларга эътибор бериш ва ўз вақтида бартараф этиш зарурлигини қайд этишди.

Хусусан, “Бухоро” халқаро аэропортида жорий этилган “очиқ осмон” режимидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, янги авиа йўналишлар очиш, масалан, халқаро йўналишда Дубай, Жакарта, Куала-Лумпур, Лаҳор, Душанбе шаҳарларидан Бухорога тўғридан-тўғри ва чартер рейсларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг яшаши ва уларга хизмат кўрсатилиши бўйича аксарият жойлаштириш воситаларида қонунчиликда белгиланган талаблар асосида шарт-шароитлар яратиш зарур эканлиги маълум қилинди.

Шунингдек, вилоятдаги мавжуд туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида маданий мерос объектларига (829 та маданий мерос объектидан 139 таси туристик маршрутга киритилган) туризм маршрутларини янада кўпайтириш кераклиги айтиб ўтилди.

Ялпи мажлисдаги муҳокама якуни бўйича ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net