Зиёрат сайёҳлиги йўналишида Ўзбекистон-Малайзия ҳамкорлигини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди

05.05.2021 11:26

КУАЛА-ЛУМПУР, 5 май. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов мамлакатимизнинг зиёрат туризми элчиси, Перлис штати муфтийси Моҳд Асри Бин Зайнул Обидин билан музокаралар ўтказди. Унда Ўзбекистон бўйлаб зиёрат сайёҳлигини тарғиб этиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашув чоғида Малайзия аҳолисига Ўзбекистондаги исломий маданий қадриятлар ва мамлакатимизнинг бой тарихий мероси тўғрисидаги маълумотларни етказиш, зиёратчи сайёҳлар учун жозибали манзил сифатида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонни фаол тарғиб қилиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Малайзия вакиллари республикамизда пандемия шароитида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Хусусан «Uzbekistan. Safe travel guaranteed»  лойиҳаси  жаҳон андозалари асосида сайёҳлар учун юқори даражадаги санитария-эпидемиологик хавфсизликни таъминлашга қаратилгани эътироф этилди.

Учрашув чоғида малайзияликларнинг хорижга чиқиши ва чет элликларнинг  мамлакатга кириши учун Малайзия чегараларини очиш масаласи тахминан шу йилнинг охирида, аҳолининг 70 фоиздан кўпроқ қисми эмланганидан кейин кўриб чиқилиши мумкинлиги маълум қилинди.

Музокаралар натижасида Ўзбекистонни Малайзия мусулмонлари учун зиёрат масканлари мамлакати сифатида тарғиб қилиш тўғрисида марказий масжидларда жума намози пайтида хутбалар ўқиш, ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва зиёрат туризми йўналишлари ҳақида мақолалар нашр этиш бўйича келишувларга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net