Японияда Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган семинар ўтказилди

15.10.2021 14:47

ТОК?О,  15 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан «Япония-Ўзбекистон» жамияти билан ҳамкорликда япон жамоатчилигини республикамиздаги мавжуд буддавийлик маданий ёдгорликлари билан таништириш мақсадида «Ёмиури» маданият марказида «Буюк ипак йўли: Ўзбекистоннинг буддавийлик ёдгорликлари» мавзусида семинар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Анжуманда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов Буюк ипак йўли Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий алоқаларни ривожланишига хизмат қилганига алоҳида эътибор қаратди. Умумий тарихий илдизлар мавжудлигининг тасдиғи сифатида буддизм Япония оролларига Ўзбекистон ҳудудида орқали етиб боргани таъкидланди.

Шу ўринда ўзбек ва япон халқлари ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожланишига ҳисса қўшган, ўзининг 50 йилдан ортиқ умрини Ўзбекистон тарихи, археологияси ва этнографиясини ўрганишга бағишлаган, «Дўстлик» ордени соҳиби, профессор Кюдзо Катонинг фидокорона фаолияти тўғрисида иштирокчиларга маълумот берилди.

Шунингдек, профессор Кюдзо Като Фанлар академияси ва Ўзбекистоннинг бошқа илмий муассасалари билан ҳамкорликда 28 йил давомида Сурхондарё вилояти буддавийлик ёдгорликларини ўрганиш мақсадида археологик қазишмалар олиб боргани ва олим томонидан топилган ноёб буддавийлик маданиятига оид буюмлар муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳам ўтказилиб, унда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, чет эллик сайёҳлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, шунингдек, ташриф буюрувчиларга мамлакатда хавфсиз саёҳат қилиши учун тизимли чора-тадбирлар кўрилганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Тақдимотда иштирокчилар эътиборига Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳияти ва бой тарихи тақдим этилди.

Бундан ташқари, 2014-2018 йилларда Ўзбекистон-Япония қўшма илмий экспедицияси раҳбари бўлган, кўп йиллар давомида ўзбек олимлари билан биргаликда Ўзбекистон жанубидаги қадимий буддавийлик ёдгорликларини ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб борган Ришшё университети фахрий профессори Харуки Ясуда Сурхондарё вилояти ҳудудида олиб борилган қазишмалар ва тадқиқотлар натижалари ҳақида маъруза қилди.

Анжуманда, шунингдек, юртимиз сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеороликлар намойиш этилди, археолог Кюдзо Катонинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида япони тилида тайёрланган буклетлар ҳамда япон олимлари иштирокида нашр этилган Ўзбекистон ҳақидаги брошюра тарқатилди.

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган семинар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net