«Vakantie Salon Antwerp - 2020» халқаро сайёҳлик ярмаркасида Ўзбекистон туристик салоҳияти тақдим этилди

27.01.2020 11:35

БРЮССЕЛЬ, 27 январь. /«Дунё» АА/.  Антверпен шаҳридаги «Antwerp Expo» кўргазма марказида Фламандия минтақасидаги йирик сайёҳлик ярмаркаси - “Vakantie Salon Antwerp – 2020” бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда 50 дан ортиқ мамлакатдан 300 дан зиёд сайёҳлик ташкилоти ва компаниялари, авиаташувчилар, меҳмонхона ва кўнгилочар марказлар вакиллари иштирок этди. Тўрт кун давом этган тадбирда 100 мингдан зиёд меҳмон унинг фаолияти билан яқиндан танишди.

Тадбир доирасида мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонаси томонидан «Silk Voyage» сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳақидаги ахборот экспозицияси намойиш этилди. Анъанавий усулда, ҳунармандчилик маҳсулотлари ёрдамида безатилган мамлакатимиз миллий стенди ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Мазкур ярмарка қиш мавсумида Фламандия минтақасида ўтган сўнгги сайёҳлик тадбири бўлиб, у европалик туристларни Ўзбекистонга жалб этиш бўйича Президентимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан таништириш учун қулай платформа бўлиб хизмат қилди.

Ташриф буюрувчиларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбекистон халқининг бой тарихий, маданий ва меъморий мероси, бетакрор обидалари ва халқ ҳунармандчилиги анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи видеороликлар намойиш этилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистоннинг ўзига хос иқлими экологик туризмни ривожлантириш учун қулай имконият яратади. Бунда миллий қўриқхона, чўл ва тоғли ҳудудлар бўйлаб экспедициялар туризм учун истиқболли йўналишлар ҳисобланади.

Меҳмонлар Ўзбекистон туроператорлари томонидан саёҳат дастурларини бирлаштириш амалиёти, хусусан, тарихий-маданий манзиллар ва экотуризм зоналарига сафарлар ташкил этиш ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратди. Қишлоқ жойларида, хусусан, маҳаллий аҳоли хонадонларида яшашни таклиф этадиган агротуризм йўналиши, тоғ туризми ва вертолётда саёҳат қилиш хизматлари билан яқиндан танишди.

Ярмаркада мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, тотувлик, ўзбек халқининг бағрикенглиги, саховатпешалиги ва меҳмондўстлиги, шунингдек, юртимизнинг гўзал табиати, қадим тарих, бой маданият, урф-одат ва анъаналар, ноёб меъморий ёдгорликларга бойлиги Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлиги сифатида алоҳида таъкидланди.

Тадбирда «Hobo Reizin», «Zuiderhuis», «Anders dan Anders», «Travel by Excellence», «Fox, Verre Reizen van Anwb», «SovjetReizin» ва «BeyondBorders» каби компания вакиллари томонидан ҳам Ўзбекистон туризм имкониятлари тарғиб қилинди. Бу Бельгия ва Нидерландия ёшлари орасида мамлакатимизга бўлган қизиқишни оширига хизмат қилди.

Хусусан, саёҳатчилардан бири «Hobo Reizin» компанияси бош директори Дирк Робберц билан суҳбат чоғида Лотин Америкаси давлатларидан бирига сафар қилишни режалаштирган бўлса-да, ярмаркадаги иштирокидан сўнг Ўзбекистонга бориш учун буюртма берганини маълум қилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net