Ўзбекистоннинг зиёрат масканлари Туркия нашри нигоҳида

05.01.2022 09:32

АНҚАРА, 5 январь. /«Дунё» АА/. Туркияда чоп этиладиган “Yeni Şafak” газетасида “Сиз ҳаётингизда шундай ҳордиқ чиқарганмисиз?” сарлавҳали мақола босилиб чиқди. Унда Ўзбекистоннинг зиёрат масканлари, шу жумладан, зиёрат туризми борасидаги улкан салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар туркиялик ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Туркия телерадиокомпанияси (ТРТ) бошловчиси Сердар Тунжер қаламига мансуб мазкур мақола “Камида бир ҳафтага Ўзбекистонга келинг”, деган таклиф билан бошланади. “Боринг” эмас, “келинг” деяпман, сабаби - бир ҳафтадан бери ота юртимдаман”, - деб ёзади муаллиф.

У ўлкамиз бағридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгани билан боғлиқ маълумотларни қаламга олар экан, ўқувчиларга қарата “қаерда туғилиб ўсганингизни билмайманку, лекин улуғ зотларга кўнгил қўйган кишилардан бири бўлсангиз, сизни ишонтириб айтаманки, қалбингизнинг ватани Ўзбекистондир”, - дея хитоб қилади. “Ушбу диёр баракали тупроқ, нурли иқлим манбаи, асрлар давомида илм ва муҳаббат ўчоғи бўлган заминдир.Шоҳи Зинда номи билан машҳур Қусам ибн Аббос (р.а.), олти буюк муҳаддисдан ?мом Бухорий, ?мом Термизий ва ?мом Доримий каби табаррук зотлар, ақидамизнинг йўл харитасини асослаб берган ?мом Мотуридий, буюк муфассир ?мом Насафий, “ал-Ҳидоя” асарининг муаллифи ?мом Марғиноний, илм ва тасаввуф алломалари Ҳаким Термизий, улуғ мутасаввиф Шайх Дигароний, “Олтин силсила”нинг буюк сўфийларидан бири Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Ҳожагон тариқатининг асосчиси Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитоний, Муҳаммад Бобо Самосий, Саййид Амир Кулол, буюк пир Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандий, Хожа Алоуддин Аттор, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Муҳаммад Зоҳид, Дарвеш Муҳаммад, Хожа Муҳаммад ?мганакий каби зотларнинг қадамжолари ушбу заминдадир. Қолаверса, ушбу диёр мақоламда исмларини тилга олинмаган яна кўплаб аллома, ориф ва валий зотларга бешик бўлган”, - деб ёзади муаллиф.

Сердар Тунжер ўз мақоласи интиҳосида Ўзбекистон бўйлаб зиёрат ниҳоясига етгач, одам “чарчадим”, дейишга андиша қилишини, жисм бироз толиққан бўлса-да, руҳ ором топишини, инсон қалби пок, кўнгли қанот ёзган ҳолда она шаҳрига қайтишини алоҳида қайд этади. “Сиз ортингизга қайтганингизда ўзингизни гўё Ватанингиздан ўзга юртга кетаётгандек ҳис қиласиз”, - деб ёзади у. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net