Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Жанубий Корея Халқаро туризм кўргазмасида намойиш этилди

13.09.2021 13:09

СЕУЛ, 13 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси жорий йил 9-12 сентябрь кунлари Жанубий Корея пойтахтида ўтказилган «Korea International Tourism Show – KITS 2021» Халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жанубий Корея маданият, спорт ва туризм вазирлиги ҳомийлигида ташкил этилган мазкур кўргазмада ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатия ваколатхоналари, хорижий давлатларнинг туризм офислари вакиллари ҳамда маҳаллий сайёҳлик компаниялари иштирок этди. Тадбир Жанубий Корея халқаро кўргазмалар марказида («KINTEХ») уюштирилди.

Кўргазма павильонида элчихонамиз томонидан Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини ўзида акс эттирган фотосуратлар, ҳунармандчилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ипак маҳсулотлари ва сопол буюмлар ҳамда халқ амалий санъатининг ранг-баранг намуналари намойиш этилди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистоннинг диққатга сазовор сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКО маданий меъроси рўйхатидан жой олган Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар бағрида жойлашган кўҳна меъморий ёдгорликлари, замонавий кўнгилочар масканлар, республиканинг турли вилоятларида жойлашган кўплаб туризм объектлари ҳамда ўзбек халқининг урф-одатлари, миллий таомлари, санъати ва бой маданий меъроси ҳақида ҳикоя қиладиган видеоматериаллар тақдимот этилди.

Бундан ташқари, хорижликлар туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, саноат, ишбилармонлик, болалар, ёшлар ва оилавий каби янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумотлардан ҳам воқиф бўлди. Қатнашчиларга маҳаллий тилда чоп этилган Ўзбекистон туризм имкониятлари тўғрисидаги буклетлар ва бошқа тарқатма материаллар тақдим этилди.

Халқаро кўргазма ташкилотчилари ва қатнашчиларининг фикр билдиришларича, мазкур тадбирда иштирок этиш корейс жамоатчилиги кўзи ўнгида туризм жозибадорлиги йилдан-йилга ошиб бораётган Ўзбекистон учун янги имкониятларни яратади, эпидемиологик вазият барқарорлашиб, сайёҳлик мавсуми тикланганидан сўнг мамлакатга хорижлик сайёҳлар оқимининг кўпайишига ҳисса қўшади.

Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонлар Ўзбекистон стенди билан танишар экан, юртимизнинг туризм салоҳиятига юқори баҳо берганлари баробарида ўз таасуротларини ҳам ўртоқлашди.

- Ўзбекистон ҳақида кўп эшитганман, - дейди Корея Республикаси фуқароси Чанг До Чун. - Айниқса, ўзбек халқининг тили, маданияти, урф-одатлари билан яқиндан танишиш, миллий таомлари ва ширин меваларидан татиб кўриш истагидаман. Коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланганидан кейин Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишни режалаштирганман.

Кўргазма иштирокчиларидан яна бири - Ю Сам Гю Ўзбекистон павильонида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги ранг-баранг маълумотлар билан танишиб, мамнун бўлганини айтди,

- Мен бетакрор Ўзбекистонга тўрт маротаба борганман, - деди у.- Гўзал Тошкент ва бошқа қадимий шаҳарлар бўйлаб саёҳатларимдан унутилмас таассуротлар орттирганман. Ўзбекистоннинг бой табиати ва ажойиб манзаралари, мазали миллий таомлари, халқингизнинг самимийлиги ва меҳмондўстлиги хорижлик сайёҳларни доимо ўзига чорлаб туради.

- Жанубий Корея Халқаро сайёҳлик кўргазмаси маълумотлар бюросига ташриф буюрганимдан сўнг Ўзбекистон кўргазма стенди билан танишишга қарор қилдим,- деди кўргазма меҳмонларидан бири Ли Джу Чоль. - Мен ҳар доим Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қараганман ва юртингизнинг жаҳонга машҳур шаҳарларини бориб кўришни орзу қиламан. Бугун Ўзбекистон кўргазмаси билан танишар эканман, ушбу мамлакат ҳақидаги тасаввурларим янада бойиди.

Элчихона вакиллари Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан батафсил таништирди, ўзимни қизиқтирган барча саволларимга жавоб олдим. Энг муҳими, Жанубий Корея фуқаролари учун визасиз кириш тартиби жорий этилганлиги, пандемия шароитига қарамасдан ҳафтасига тўртта доимий тўғридан-тўғри авиақатновларнинг мавжудлиги сайёҳлар учун айни муддаодир.

- Мен Нукус шаҳрида икки йил давомида яшаб, меҳнат фаолиятимни олиб борганман, - деди кўргазма меҳмонларидан яна бири О Сон Ёнг.- Юртингизни жуда яхши кўраман. Оқкўнгил ўзбек халқига ҳурматим чексиз. Мазали таомларингизни, қулай об-ҳаво ва бетакрор маданиятни тез-тез қўмсайман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net