Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси Буюк Британия ОАВ диққат марказида

13.04.2022 15:14

ЛОНДОН, 13 апрель. /«Дунё» АА/. Британиянинг «Hear it from locals» сайёҳлик медиа  порталида «Самарқанд ҳақида маҳаллий аҳолидан кўпроқ билиб олинг» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА  мухбири.

Унда самарқандлик таржимон Виктория Ялонская томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрин олган. ?нтервью Ўзбекистон сайёҳлик брендининг Буюк Британиядаги элчиси Софи ?ббоцон кўмагида тайёрланган.

Суҳбатда Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий мероси, биринчи навбатда, Самарқанднинг қадимий обидалари ва мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликлари ҳақида фикр юритилган.

Хусусан, сайёҳларнинг Ўзбекистонга келиши сабаблари қаторида турли даврларга мансуб ноёб наққошлар билан безалган гумбазлар, минора ва мадрасалар, бой мумтоз ва замонавий санъат, Тянь-Шань тоғ тизмаларининг бетакрор манзаралари, ранг-баранг фольклор ва ўзига хос  маданият қаламга олинган.

«Бу ерда атлас ва адрас каби табиий матоларни, кулолчилик маҳсулотлари, миниатюралар, заргарлик буюмлари, сўзана ва гиламларни харид қилишингиз мумкин», дейди суҳбатдош.

Таржимон Самарқанднинг тарихий обидалари – Амир Темур мақбараси, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига кирган дунёга машҳур Регистон майдони ҳақида алоҳида тўхталган. У Регистон обидаларининг ҳар бири ҳақида батафсил маълумотлар берган. «Майдондан бир вақтлар бутун Шарқнинг энг яхши университетларидан бири бўлган Улуғбек мадрасаси, Самарқанддаги энг йирик илмий ва ўқув муассасаси -Тиллақори мадрасаси, зарҳал гумбази билан машҳур Шердор мадрасаси ўрин олган», деб таъкидлайди Виктория Ялонская.

Мақолада Шоҳи Зинда мажмуаси ва Биби хоним масжиди, Ургут шаҳридаги қадимий Чор чинор боғи ҳақидаги муҳим маълумотлар ҳам қаламга олинган. Унда, шунингдек, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг кўҳна маданияти, ҳунармандчилиги ва номоддий меросига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилар экан, ургутлик сопол усталари - Облоқуловлар сулоласи Буюк Британияда ўзларининг кулолчилик тўпламларини намойиш этгани ҳамда Самарқанд яқинидаги Конигилдан келган уста Мухторовлар сулоласи томонидан тут дарахти пўстлоғидан қоғоз тайёрлаш санъати қайта йўлга қўйилгани ҳам маълум қилинган.

«Мамлакатимизда қулай инфратузилма, жумладан, сайёҳларни Ўзбекистоннинг асосий тарихий шаҳарларига олиб борадиган «Афросиёб» тезюрар поезди  йўлга қўйилган, дейди ўзбекистонлик таржимон.  -Шу билан бирга, Ўзбекистонда саёҳлар хавфсизлиги тўла таъминланган. Бунга юз фоиз амин бўлишингиз мумкин. Мамлакатда фаолият юритаётган туризм полицияси ҳар доим сайёҳларга кўмак беришга тайёр».

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net