Ўзбекистонда ноябрь ойи «Кексалар учун туризм ойлиги» деб эълон қилинди

01.06.2020 13:28

ТОШКЕН, 1 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур қарорда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўлида  кекса авлод вакиллари учун мамлакат бўйлаб зиёратларни (саёҳат) ташкил этиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилди.

Ҳужжат билан ҳар йили 1 ноябрдан 30 ноябргача «Кексалар учун туризм ойлиги» дея эълон қилинди. Унинг доирасида саёҳат қилувчилар учун ҳудудлардаги туризм инфратузилма объектлари (жойлаштириш воситалари, умумий овқатланиш шохобчалари) учун ҳамда вилоятлараро қатновчи автобус, авиа ва темир йўл чипталарига ихтиёрий равишда чегирмалар ва акциялар эълон қилиниши кўзда тутилган.

Шунингдек, мазкур чегирма ва акциялар ҳақида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг веб-саҳифаси ва бошқа ОАВда эълон қилиниб, кекса авлод вакилларини саёҳатга чиқишига оид кенг тарғибот ишлари ташкил этилади.

Кекса авлод вакиллари учун моддий маданий мерос объектлари, музей ва театрларга кириш ва қўшимча хизматлар кўрсатиш бўйича 50 фоизгача чегирмалар берилади. Бундан ташқари, ҳар йили 1 октябрга қадар I гуруҳ ногиронлиги бўлган саёҳат қилувчи кексалар рўйхати шакллантирилади ва улар учун «Саёҳат барча учун!» хайрия саёҳати лойиҳаси доирасида мамлакат бўйлаб йилига бир маротабадан кўп бўлмаган саёҳат ташкил қилинади.

Шунингдек, маҳаллий бюджет ва унинг орттириб бажарилган қисмидан ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз кексаларнинг турар жойлари таъмирланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net