Ўзбекистон ва Покистон ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди

16.12.2020 11:04

ТОШКЕНТ, 16 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов  Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ҳамкорлигида мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш мавзусига бағишланган видеоконцеренция ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига кўра, онлайн-мулоқотда Покистон Бош вазири маслаҳатчиси Гумман Кавар, Дин ишлари бўйича федерал вазири Пир Нур-ул-Ҳақ Қадрий, «Нақшбандия» ордени етакчиси Пир Нақиб ур-Раҳмон, Зиёрат туризм элчиси Пир Ҳассиб ур-Раҳмон, Миллий Ассамблея спикери ўринбосари Қосим Касурий, Ўзбекистоннинг Покистондаги Ахборот-туристик маркази директори Ҳамид Чоудурий, «Shaheen Pharmaceuticals» соҳиби Доуд Шаҳин, ?слом идеологияси жамияти раиси Қибла Аёз, «Petroleum Exploration Pvt.Ltd.» директори Шаҳбоз Зоҳир ҳамда нуфузли журналист Салим Сафий иштирок этди.

Томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди. Тадбир доирасида Нақшбандия тариқати вакиллари учун Бухорои шариф Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидан кейин туриши қайд этилди. Покистон Миллий Ассамблеяси спикери ўринбосари Қосим Касурий ўз мамлакатида Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилувчи кишилар кўплиги, икки давлат ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиши кўплаб покистонликларнинг Ўзбекистонга зиёрат қилишига имкон беришини таъкидлади.

Азиз Абдуҳакимов, ўз навбатида, Покистон Миллий Ассамблеяси спикери ўринбосари Қосим Касурийни Ўзбекистонга таклиф қилиб, қисқа муддатда унга расмий таклифнома йўлланишини билдирди. Покистон томон ушбу таклифни мамнуният билан қабул қилди. Покистоннинг Дин ишлари бўйича федерал вазири Пир Нур-ул-Ҳақ Қадрий Ўзбекистон ва Покистон халқини нафақат иқтисодиёт, туризм, маънавият ва адабиёт, балки маданият, санъат, умумий тарих ва ягона дин ҳамда бошқа барча соҳалар чамбарчас боғлаб туришини алоҳида қайд этди.

 Айниқса, Покистон ошхонасининг энг севимли таоми Бухоро палови ва ўзбек сомсаси эканлиги таъкидланди. Бош вазир ўринбосари икки томонлама ҳамкорлик, жумладан зиёрат туризми йўналишидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун виза ва транспорт масалаларини такомиллаштириш, аниқ таклифларни амалга оширишни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади. 

Тадбир якунига кўра, томонлар покистонлик йирик сиёсий арбоблар ва туризм элчимизнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш, зиёрат туризмини тарғиб қилиш бўйича алоҳида меморандум имзолашга оид келишувга эришди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net