Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Болтиқбўйида намойиш қилинмоқда

28.01.2020 10:36

Р?ГА, 28 январь. "Дунё" АА. Болтиқбўйининг энг йирик хоккей иншооти, Континентал хоккей лигаси (КХЛ) иштирокчиси "Динамо" (Рига) командаси стадиони бўлган «Арена Рига» спорт-концерт мажмуасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеороликлар намойиш этилмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу акция Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси ва “Арена Рига” мажмуаси раҳбарияти ўртасида эришилган келишувга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Видеороликлар февраль ойининг охири, яъни хоккей мавсуми якунига қадар Рига клуби мезбонлик қиладиган ўйинларда намойиш этилади. КХЛ жамоалари иштирокидаги ўйинлар МДҲ, Европа ва Осиё мамлакатлари билан бир қаторда АҚШ ва Канадага (жами 30 дан ортиқ мамлакат) ҳам эфир орқали узатилади.

Мавсумдаги камтарона натижаларига қарамай "Динамо" клуби маҳаллий хоккей ишқибозларининг ёқимтойи ҳисобланади. Шу сабабли стадионга келаётган томошабинлар сони КХЛнинг бошқа жамоалариникидан қолишмайди. Хусусан, 2018-2019 йилги мавсумда "Динамо" (Рига) лига жамоалари орасида бу кўрсаткич бўйича ЦСКА (Москва) клубидан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

2021 йил "Арена Рига" стадиони Беларусь хоккей стадионлари билан бир вақтда хоккей бўйича жаҳон чемпионати ўйинларини қабул қилади.

Таъкидлаш жоизки, Болтиқбўйи давлатларида энг йирик кўп тармоқли спорт-концерт мажмуаси ҳисобланадиган "Арена Рига" 2006 йил бунёд этилган. Аренанинг умумий майдони 22 минг 568 квадрат метрни ташкил этади,  хоккей учрашувларида  бир вақтнинг ўзида 10 минг 300 ишқибозни, маданий-концерт тадбирларда эса 14 ярим минг кишини сиғдира олади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net