Ўзбекистон-Россия сайёҳлик форуми бўлиб ўтди

18.11.2021 15:31

ТОШКЕНТ, 18 ноябр. /«Дунё» АА/. Кеча Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорлигининг иккинчи форуми доирасида видеоконференция форматида икки томонлама сайёҳлик форуми бўлиб ўтди, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон туризм ва спорт ишлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вакиллари, Бухоро, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг туризм, спорт ва маданият масалалари бўйича ўринбосарлари, туризм соҳасидаги уюшмалар ва тур-компания вакиллари иштирок этди.

Россия делегацияси таркидан Туризм бўйича федерал агентлик ва Россия туроператорлари ассоциацияси, Челябинск вилояти ва Қрим Республикаси вазирлари, Москва, Санкт-Петербург шаҳар мэрияси вакиллари, шунингдек, сайёҳлик уюшмалари ҳамда сайёҳлик компаниялари раҳбарлари ўрин эгаллади.

Форум давомида ўзбек томони Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, республикада соҳани ривожлантириш, пандемия пайтида хусусий секторни давлатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, хорижлик меҳмонларни қабул қилиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида тақдимот ўтказди.

Ўзбекистон туризм ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Азамов ўз нутқида,  Россия федерацияси туризм соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорликда етакчи ўринлардан бирини эгаллашини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра,  Россия фуқаролари республикага сайёҳ сифатида жуда фаол ташриф буюрмоқда. «Россиядан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар оқими ҳар йили ошиб бораяпти.  Пандемиядан  олдинги кўрсаткичга кўра, 2019 йилда Росиядан  455 минг 470 киши мамлакатимизга келган», деди у.

Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳокимларининг ўринбосарлари ўз ҳудудлари мисолида зиёрат туризми салоҳияти ҳақида тақдимот ўтказдилар. Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси раиси Гулчеҳра ?сроилова эса ўзбек ва рус сайёҳлик компаниялари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги имкониятлари ҳақида тўхталди.

Ўз навбатида, Россия томони ўзбекистонлик ҳамкасбларини Россияда туризмни ривожлантириш дастурлари, пандемия даврида туризм саноатини ўзгартириш, ҳудудларда саноат, курорт ва тиббий туризмни ривожлантириш дастурлари билан таништирди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон ва Россия туризм соҳасида ишга солинмаган улкан салоҳиятга эга эканини таъкидлаган ҳолда томонлар янада фаол ва кенг миқёсда ҳамкорлик қилиши зарурлиги ҳақида келишиб олди.

Форум якунлари бўйича томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлик оқимини кўпайтириш, авиа қатновларни қайта тиклаш ва кенгайтириш, туризм маъмуриятлари  ҳамда  Ўзбекистон ва Россия туризм саноати вакиллари ўртасида мунтазам мулоқотларни ташкил этиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда туризм бизнесини янада фаол қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net