Туркия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда ички туризмга рухсат берилганига эътибор қаратди

01.06.2020 13:29

АНКАРА, 1 июнь. «Дунё» АА/. Туркия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда бугунги кунда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ёритиб бормоқда. Жумладан, sabithaber.com сайти юртимизда ички туризмга рухсат берилгани ҳақидаги материални нашр этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Материалда COVID-19 пандемияси нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон туризм соҳасига жиддий зиён етказгани қайд этилган ҳолда, Ўзбекистонда мамлакат раҳбарияти томонидан соҳани қайта тиклаш бўйича олиб борилаётган ташаббуслар натижа бера бошлагани ёзилган.

Жумладан, жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб тегишли санитар ва эпидемиологик чора-тадбирлар қўлланилган ҳолда туристик зиёратгоҳлар очилди ҳамда мамлакатда ички саёҳатга рухсат берилди, дейилади мақолада.

Туркия оммавий ахборот воситаларида нашр этилаётган ушбу мавзудаги барча материалларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар атрофлича таҳлил қилинган. Таъкидланишича, мазкур ҳуқуқий ҳужжат мамлакатнинг эпидемиологик барқарор ҳудудларида туроператорлар, сайёҳлик фирмалари, меҳмонхоналар, маданий объектлар фаолиятини тиклаш ва ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ҳукумат томонидан таржимон ва туроператорларнинг янги туристик хизматларни ривожлантиришга оид лойиҳалари учун грантлар тақдим этилаётгани қайд этилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net