Пекинда Ўзбекистонга зиёрат туризми ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

11.01.2021 15:36

ПЕК?Н, 11 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ходимлари ва Хитой Буддавийлик ассоциацияси (ХБА) президенти Янь Цзюэ ўртасида учрашув бўлиб ўтди, хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Шуҳрат Умиров.

Учрашувда мамлакатимизнинг Сурхондарё вилояти ҳамда бошқа ҳудудларидаги тарихий буддавийлик қадамжолари бўйлаб хитойлик сайёҳларнинг сафарларини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Музокаралар чоғида сўнгги йиллар давомида Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилган диққатга сазовор амалий чора-тадбирлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу ташаббус доирасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва археология қазишмалари Ўзбекистон ҳудудида илгари халқаро ҳамжамиятга, шу жумладан, академик доираларга маълум бўлмаган буддавийлик ёдгорликлари мавжуд эканлигини намойиш этиш имкониятини яратди.

Шу ўринда Қоратепа ва Ерқўрғондаги буддавийлик монастирлари, Фаёзтепа ҳамда Далварзинтепаги буддавийлик ибодатхоналари сингари кўҳна ёдгорликлар, Тошкентда буддавийлик ибодатхонаси фаолият кўрсатаётгани, Ўзбекистон тарихи музейида буддавийликка алоқадор жуда кўплаб ноёб осори-атиқалар сақланаётгани ҳақидаги атрофлича маълумотлар Хитой томони вакилларининг эътиборига ҳавола қилинди.

Жорий йилда хитойлик сайёҳларнинг Сурхондарё вилояти ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги буддавийлик зиёратгоҳлари бўйлаб сафарлари учун туркум чартер ҳаво қатновларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда Хитой зиёратчилари ва буддавийликка қизиқадиган ХХР фуқароларининг Ўзбекистондаги мазкур ноёб тарихий қадамжолар, жумладан, ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатидан жой олган ёдгорликлар билан яқиндан танишишларига имкон берадиган барча зарур шароитлар яратилади.

Хитой Буддавийлик ассоциацияси (ХБА) раҳбари Янь Цзюэ Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда буддавийлик ёдгорликлари меросини оммалаштиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди. Шу ўринда Янь Цзюэ кўҳна Буюк ?пак йўли бўйидаги маданиятлар ва цивилизациялар мулоқотини ривожлантиришда Ўзбекистон тарихан алоҳида ўрин тутгани ва бу борада мамлакатимиз бугунги кунда ҳам худди ана шундай аҳамият касб этиб келаётганини таъкидлади.

Унинг айтишича, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп асрлик яқин алоқалар икки мамлакатнинг маданият соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун қулай муҳитни яратмоқда. ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган,  асосини Шарқ ҳамда Ғарб мамлакатлари ва халқларини боғловчи кўҳна ?пак йўли ташкил этадиган «Бир белбоғ, бир йўл» ташаббуси ҳам бунга кўмаклашмоқда. Хитой Буддавийлик ассоциациясида учрашувни ташкил этиш ташаббуси учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирар экан, Янь Цзюэ хитойлик сайёҳларнинг мамлакатимиз ҳудудидаги қадимги буддавийлик ёдгорликлари бўйлаб биринчи сафари чоғида мазкур гуруҳга раҳбарлик қилиш юзасидан билдирилган таклифни мамнуният билан қабул қилди. Бундай сафарлар сайёҳлик туризми доирасида “халқ дипломатияси”нинг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолиши баробарида Хитой ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳам кўмаклашади. Шу ўринда Янь Цзюэ «биз Ўзбекистонга сафарни ташкил этиш учун «пандемия вазияти яхшиланишини интизорлик билан кутамиз»,  деди.

Шу билан бирга, Хитой Буддавийлик ассоциацияси раҳбари Ўзбекистон буддавийлик ташкилотлари билан амалий алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини ҳам таъкидлади.  Янь Цзюэ бунинг учун ўзаро ҳамкорликнинг амалий масалаларини муҳокама этиш ва Хитойдаги буддавийлик ёдгорликлари билан таништириш учун  Пекинда мамлакатимиз делегациясини қабул қилишга тайёр эканлигини айтди. Унинг маълум қилишича, биргина Хитой пойтахтининг ўзида кўп асрлик тарихга эга бўлган қарийб 60 та буддавийлик ибодатхонаси фаолият кўрсатмоқда.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, айрим маълумотномаларда бугунги кунда Хитой ҳудудида 100 миллион нафар буддавий истиқомат қилади. Хитой Буддавийлик ассоциацияси (ХБА) 1953 йили таъсис этилган

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net