“Марказий Осиё+Япония” мулоқоти доирасида онлайн шаклда туризм симпозиуми ўтказилди

10.11.2021 16:55

ТОКИО, 10 ноябрь. /«Дунё» АА/. Кеча Япония ташқи ишлар вазирлиги ва Япония сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (JATA) томонидан Марказий Осиё мамлакатлари сайёҳлик салоҳиятини таништириш мақсадида “Марказий Осиё+Япония” мулоқоти доирасида онлайн шаклда туризм симпозиуми ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Япониянинг 500 дан ортиқ сайёҳлик компанияси вакиллари иштирок этди. Уларга Марказий Осиё давлатларининг Токиодаги элчихоналари ходимлари томонидан туризм соҳасидаги имкониятлар ва янги йўналишлар тўғрисида маълумот берилди.

Симпозиумнинг очилишида JATA президенти Тадаши Шимура сўзга чиқиб, Марказий Осиё давлатлари бой туризм салоҳиятига эгалиги, охирги йилларда Японияда ушбу минтақа мамлакатларига қизиқиш ортиб бораётганини қайд этди.

Япония ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ёшинори Такеда “Марказий Осиё+Япония” мулоқоти доирасида туризм соҳасида ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, Япония ташқи сиёсат маҳкамаси бу йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Япония ТИВ томонидан Марказий Осиё мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатилганига 2022 йилда 30 йил тўлиши муносабати билан маданият ва туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган турли тадбирлар режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берилди.

“World Air-Sea Service” сайёҳлик компанияси бўлим бошлиғи Ёшикадзу Ёшида Марказий Осиё мамлакатлари улкан туризм салоҳиятиги эга экани, минтақага Япониядан сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун катта имконият мавжудлигини таъкидлади.

Ўзбекистон тақдимотида мамлакатимизда туризмни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар,, чет эллик сайёҳлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, шунингдек, пандемия шароитида ташриф буюрувчиларга мамлакатда хавфсиз саёҳат қилиш учун керакли чора-тадбирлар кўрилганлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, юртимизда янги яратилган туризм инфратузилма объектлари, рекреацион зоналар ва туристик қишлоқлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Тақдимотда иштирокчилар диққати буддавийлик обидаларига қаратилиб, Ўзбекистонда япон археологлари томонидан олиб борилган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Тадбирда қатнашган япон туркомпания вакиллари келгуси йил Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси ва “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан ташкил қилинадиган чартер дастурларида фаол иштирок этишга чорланди. Мамлакатимизнинг дипломатия ваколатхонаси  Ўзбекистонга сайёҳлик турлари уюштиришда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net