Куала-Лумпурда Ўзбекистон ва Малайзия сайёҳлик компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

26.11.2021 15:34

КУАЛА-ЛУМПУР, 26 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси томонидан  Ўзбекистон туризм ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Малайзия сайёҳлик компаниялари ва операторлари ассоциацияси (МАТТА) билан ҳамкорликда Ўзбекистон ва Малайзия сайёҳлик компаниялари ўртасида «В2В» форматида онлайн-музокаралар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда мамлакатимиз туризм ва спорт ишлари вазирлиги вакиллари, МАТТА вице-президенти Синтия Тан Би Сим, шунингдек, икки томондан 60 дан ортиқ сайёҳлик компанияси раҳбарлари иштирок этди.

Малайзия вакилларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, мамлакатимизда меҳмонхона саноатини янада такомиллаштириш ва «зиёрат туризми», тарихий, маданий, археологик, экологик, гастрономик, экстремал, спорт ва дам олиш туризмини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар ҳақида маълумот тақдим этилди. ?штирокчилар пандемия даврида  йўлга қўйилган «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED»  дастури билан танишди.

Мулоқот чоғида мамлакатлар ўртасида сайёҳлик оқимини тиклаш истиқболлари, ҳозирги шароитда ва пандемиядан кейинги даврда Ўзбекистоннинг туристик маршрутларини Малайзияда оммалаштириш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.

Синтия Таннинг қайд этишича, Ўзбекистон ўзининг бой тарихи ва маданияти билан малайзиялик сайёҳлар учун жозибадор манзил сифатида яхши имкониятларга эга. У, шунингдек, малайзиялик сайёҳлар оқимининг Ўзбекистонга ўсишига ҳозирча халал бераётган иккита омил мавжудлигига эътибор қаратди.

Биринчидан, малайзияликлар ўз Ватанига қайтишида, ушбу мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги қарорига биноан, Махсус комиссиядан ўз маблағлари ҳисобидан меҳмонхонада ёки яшаш жойида етти кунлик мажбурий карантинда бўлиш учун рухсатнома олиши зарур.

 ?ккинчидан, Малайзия ва минтақа бозорида ишбилармонлар, илмий доиралар ҳамда сайёҳлар орасида юқори талабга эга бўлган «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг тўғридан-тўғри мунтазам рейсларининг йўқлигидир. Ўзбекистонга Дубай, ?станбул ёки бошқа транзит йўлаклари орқали парвоз қилишнинг нархи баландлиги, унга сарфланадиган вақтнинг узоқлиги (20-36 соат атрофида) малайзиялик сайёҳларга қўшимча қийинчиликлар яратмоқда.

Тадбир якунида икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатиш, рақобатбардош сайёҳлик тур-пакетларини ишлаб чиқиш ва Малайзия компанияларига тақдим қилиш, 2022 йилда Ўзбекистон туризм ва спорт ишлари вазирлиги томонидан Малайзия сайёҳлик компаниялари вакиллари учун республикамизга ҳафталик ва ўн кунлик танишув ва реклама саёҳатларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net