Германиянинг “Spiegel” журнали Ўзбекистон туризм имкониятлари ҳақида алоҳида рисола чоп этмоқда

05.02.2020 10:17

ГАМБУРГ, 5 февраль, /«Дунё»АА/. Aнъанавий дам олиш масканлари германиялик сайёҳлар учун ўз жозибасини йўқотиб, комплексли турлар ўтмишда қолмоқда. Туризм соҳасидаги ривожланиш ўз сўзини айтмоқда ва замонавий сайёҳ таътилни ўзи ташкил қилмоқда – чипталарни, меҳмонхоналарни брон қилмоқда ва экскурсияларга буюртма бермоқда, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.

Германияликлар орасида таътилни соғлиқ учун фойдали ўтказиш тобора оммалашиб боряпти. Гамбургдаги «BAT» илғор тадқиқотлар фонди маълумотларига кўра, немис сайёҳларининг 70 фоизга яқини саломатлик билан боғлиқ таътил турини афзал кўради, ташкил этиладиган экскурсияларда эса Германия аҳолисининг 61 фоизи жалб қилинади. Бу йўналишда Буюк ипак йўлида жойлашган мамлакатлар бўйлаб саёҳатлар маълум ва машҳур бўлиб бормоқда. «Spiegel» журнали айни шу мавзуга бағишланган мақола билан бўлишди.

«Самарқанд ва Бухоронинг мовий гумбазлари, саҳрода жойлашган қадимий шаҳар – Хива, шиддат билан ўсиб бораётган пойтахт Тошкент бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қиляпти. «Lonely Planet» нашрига кўра, Ўзбекистон 2020 йилда саёҳат учун энг яхши 10 йўналиш рўйхатига киритилган», – дейилади нашрда.

Бош қароргоҳи Гамбургда жойлашган йирик ижтимоий-сиёсий нашрлардан бири «Spiegel» (Кўзгу) журналини Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишланган рангли реклама рисола ҳам чоп этди. Унда немис сайёҳлари учун мўлжалланган мамлакатимиз тарихий – Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари орқали ўтувчи ўн кунлик сайёҳлик йўналиши ҳақида маълумот берилади.

“Қадим замонлардан буён карвонлар Буюк ипак йўли орқали Хива, бепоён Қизилқум чўли, қадим Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилган. Сиз тўлиқ кашф этилмаган сеҳрли Шарқ мамлакатига саёҳат қилишингиз ва ўзингизни “Минг бир кеча” эртаклари оламига тушиб қолгандек ҳис қилишингиз мумкин. Сиз Ўзбекистонга сафарингиз давомида Шарқнинг машҳур шаҳарлари, қадимий меъморий ёдгорликлари ва нафис ошхоналари билан бир қаторда, бу диёрнинг асосий бойлиги –ўзбек халқининг самимий меҳмондўстлигини ҳис этасиз”, – дейилади рисолада.

Маълумот учун, «Spiegel» журнали 1940 йилдан буён нашр этилади. Журналда Германия ва хорижий мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётига оид асосий ҳодисалар ёритилади. Ҳафталик адади 1 миллион нусхадан ортиқ бўлган нашр жорий йилнинг январь ойидан бошлаб «Usbekistan – Magische Seidenstraße» (Ўзбекистон – Буюк ипак йўли мўъжизаси) деб номланган реклама қўлланмасини тарқатишни йўлга қўйган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net