Екатеринбургда Ўзбекистон туризм салоҳияти тақдим этилди

02.05.2022 14:22

ЕКАТЕР?НБУРГ, 2 май. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси Урал туризм ассоциацияси (УТА) томонидан ташкил этилган “Урал туризм куни” тадбирида иштирок  этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Екатеринбург шаҳри маъмурияти ва Свердловск темир йўллари раҳбарияти, Тожикистон ва Қирғизистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консуллари, диаспоралар ҳамда бир неча йирик туроператорлар ва авиакомпаниялар вакиллари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимиз туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги имкониятларини ўзида акс эттирган видеоролик намойиш этилгани баробарида республикада туризм соҳасида босқичма-бочқич амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижлик сайёҳлар учун яратилган шарт-шароит, қулайликлар ва хавфсизлик чоралари, шунингдек кун сайин ривожланиб бораётган туризм инфратузилмаси ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистонда россиялик сайёҳлар учун барча қулайликлар мавжудлиги, юртимиз нафақат ўзининг бой маданий-меросий обидалари билан, балки кўнгилочар масканлари, хусусан янги барпо этилган тоғ-чанғи мажмуалари билан ҳам жозибадорлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбирда сўз олган УТА раҳбари Михаил Мальцев россиялик сайёҳлар оқимининг Ўзбекистондаги улуши сезиларли даражада ўсганини эътироф эта туриб, тадбирда қатнашган Россиянинг йирик туризм корхоналарини мамлакатимиз билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга чақирди.

Тадбир ниҳоясида россиялик ёзувчи Дарья Сиротинанинг Ўзбекистонга борувчи сайёҳларга қўлланма сифатида нашр этилган “Мой Узбекистан” китоби ҳақида ҳам маълумот берилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net