Давлатимиз раҳбари “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампаниясини ўтказиш бўйича топшириқ берди

19.09.2022 12:51

ТОШКЕНТ, 19 сентябрь. /«Дунё» АА/. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг шахсий телеграм-каналида ёзди.

«Ўтган ҳафта Самарқандда янги барпо этилган Сайёҳлик марказида йирик халқаро тарихий тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитини юқори савияда ўтказдик,- деди Президент. - Бунда халқимиз, давлатимиз юксак маданияти ва бунёдкорлик салоҳиятини яна бир бор намоён этди».

“Самарқандда барпо этилган янги аэропорт, 8 та меҳмонхона, конгресс-холл, парк, бошқа кўнгилочар ва дам олиш мажмуалари – мамлакатимиз тарихида янги туризм дарвозаси ва Янги Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози”га айланишига аминман”, деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис  Президент Ташқи ишлар вазирлигига  “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” тарғибот кампаниясини ўтказиш ва Самарқандга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлашни топширди.

Элчихоналар олдига хорижий мамлакатларда тарғибот кампанияси, хорижий оммавий ахборот воситалари, машҳур туристик блогерлар учун пресс-турлар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net