Бухорода Ғиждувон қўрғонини қайта тиклаш орқали очиқ осмон остидаги музей барпо этилади

12.02.2021 10:01

ТОШКЕНТ, 12 февраль. /«Дунё» АА/. Ғиждувон туманида Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи билан уйғунликда қадимий Ғиждувон қўрғонинини қайта тиклаш орқали очиқ осмон остидаги музей барпо этилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилишича, мазкур ҳудуддаги «Қўрғон» ва «Чорсу» маҳаллалари негизида туризм маҳалласини ташкил этиш бўйича вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти масъуллари ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

«Қўрғон» ва «Чорсу» маҳаллаларидаги мавжуд тарихий, моддий ва маданий мерос объектларини аслича сақлаб қолиш баробарида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада оширишга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда. Қўрғон ҳудудининг 18 гектар майдони 1:500 масштабли топосъёмкаси тайёрланиб, ташаббускор “DJ Progect building” томонидан қадимий Ғиждувон қўрғонининг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Халқаро экспертлар ҳамда Ўзбекистондаги Марказий Осиё халқаро институти бошчилигида XIX асрга оид «Бозори қаймоқ», «Болойи қассобон», «Бобораҳимбой» масжидлари ва XVI асрга оид «Эски тош ҳаммом» каби қадимий объектлардаги қайта таъмирлаш ва тиклаш ишлари якунланиб, маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар ташрифига тайёрланган. 

«Бозори Қаймоқ» масжиди олдида эса меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида миллий услубдаги 2 та айвон ташкил этилган. Тумандаги қадимий «Қўрғон» маҳалласи ҳудудида жойлашган, XVI асрга оид «Эски тош ҳаммом»ни асл тарихий ҳаммом сифатида фойдаланишга тайёрлаш ишлари якунланиб, қайта ўз фаолиятини бошлади. 

Вилоят бўйлаб мавжуд моддий ва маданий меросни асраб-авайлаш маҳаллий ва хорижий меҳмонларни кенг жалб қилиш борасидаги устувор вазифалар ижроси давом эттирилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net