Бельгияда Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди

03.03.2020 12:02

БРЮССЕЛЬ, 3 март. /“Дунё” АА/. Бельгия ва Люксембургнинг 19 та маданий марказида таниқли француз режиссёри Жил Убернинг “Ўзбекистон – фируза чўл" номли ҳужжатли фильми бўйича лойиҳа расмий намойиши бошланди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси томонидан Бельгиянинг “Exploration du Monde” нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Ҳужжатли фильм 2017 йилда Жил Убер ва унинг рафиқаси Даниэль Убер томонидан мамлакатимизга тўрт ойлик сафар доирасида суратга олинган.

Фильм очилиш маросимида Европа ташқи ҳаракатлар хизмати, Европа парламенти, Брюсселда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, маданий марказлар, сайёҳлик агентликлари, эксперт ва таҳлил доиралари, журналистлар, шунингдек, Европа давлатларидаги ватандошлар иштирок этди.

"Европа дўстлари" (Friends of Europe) таҳлил маркази асосчиси ва директори Жилесс Мерриттнинг фикрича, фильм унда катта таассурот қолдириб, яқин келажакда Ўзбекистонга саёҳат қилиш истаги туғилишига сабаб бўлган.

Ўзбекистоннинг Бельгиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилёр Ҳакимов фильм тақдимотида мамлакатимизнинг сайёҳлик ва иқтисодий салоҳияти, бой тарихи ва маданияти ҳақида сўзлаб берди.

Таъкидланганидек, Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан биргаликда Буюк ипак йўли концепциясини ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Унинг доирасида минтақа мамлакатларининг ноёб маданий ва тарихий мероси тарғиб қилиняпти. Боиси дунё бўйлаб саёҳатчиларнинг 80 фоизи Буюк ипак йўли ҳақида хабардор ва “Forbes” нуфузли иқтисодий нашри ушбу концепцияни нуфузли брендлардан бири деб ҳисоблайди.

Ўз навбатида, “Exploration du Monde” ташкилоти вице-президенти Aрно ван Шевенстейн унинг ташкилоти турли халқлар урф-одати ва маданиятига бағишланган муҳим тадбирларда фаол иштирок этишга интилишини таъкидлади.

Фильм муаллифи Жил Убер Ўзбекистонга сафари чоғида инсоният тамаддунига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган маданий бойликни чуқур ўрганишга ва уларни ўзи суратга олган фильмда акс эттиришга ҳаракат қилганини айтиб ўтди.

– Ушбу фильм фавқулодда бетакрор ва ўзбек халқининг ўзига хослигини намойиш этган, – деди “BOZAR ART” Тасвирий санъат марказининг Жаҳон мусиқа дастурлари бўйича директори ўринбосари Тони Ван Дер ?кен. – Мен Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига саёҳат қилганман ва улар орасида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади. Мамлакатингиз бой маданиятга, вилоятларнинг ҳар бири ўзига хосликка эга.

Бир неча йилдан буён минтақа мамлакатларининг Брюсселдаги дипломатик ваколатхоналари билан муваффақиятли ва яқин ҳамкорликда ишлаймиз. Масалан, Наврўз байрамини биргаликда нишонлаймиз. Яқин ҳамкорлик туфайли ушбу байрам минтақадан ташқарида кенг танилган ва Бельгия пойтахтида машҳур.

Муаллиф қайд этганидек, фильм белгияликлар учун янги Ўзбекистонни кашф этишларига туртки берадиган ўзига хос таклифдир.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net