Азиз Абдуҳакимов: Ўзбекистон халқининг миллий мероси ?нсоният меросининг ажралмас қисми ва унинг муҳим бўғини эканидан фахрланамиз

16.12.2020 11:03

ТОШКЕНТ, 16 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Маданий мерос ҳафталиги иштирокчиларини Ўзбекистон ҳукумати номидан халқаро даражада ўтказилаётган байрам билан табриклади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти бугунга келиб анъанага айланган ушбу нуфузли анжуманга алоҳида эътибор бериб, унинг аҳамиятини юксак баҳолашини алоҳида таъкидлади. Шу ўринда ўтган 2019 йилда Ўзбекистон маданий мерос ҳафталигида ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуленинг шахсан ўзи иштирок этгани тадбирнинг халқаро обрўсини янада оширди. Конгрессда расмий доиралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан 300 дан ортиқ таниқли хорижлик олим ҳамда юртимиздан 1000 дан зиёд олим ва мутахассис иштирок этаётгани муҳим воқеадир.  

— Ўзбекистон Президенти томонидан янграган янги Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясига катта қизиқиш билдирган ва уни амалга оширишда бирлашаётган сиз азизлар билан ҳамкорлик қилиш ҳамиша фойдали бўлади, — деди у. — Ўзбекистон халқининг миллий мероси ?нсоният меросининг ажралмас қисми ва унинг муҳим бўғини эканидан фахрланамиз. Шу маънода, юртимиз тарихини сақлаш, ҳимоя қилиш ?нсоният тарихини сақлаш ва уни келажак авлодга етказиш масъулиятини чуқур англаймиз. Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айланган туризм, айниқса халқаро туризм бевосита маданий меросимизни қанчалик асл ҳолатда сақлаб қолишимизга боғлиқ эканлиги қайд этилди. Зеро хорижлик сайёҳ бизнинг тарихимиз ва маданий меросимизга қизиқиб юртимизга ташриф буюради.

Азиз Абдуҳакимов сўнгги йилларда маданий меросни муҳофаза қилишда қатор ишлар амалга оширилгани, бироқ бу борада қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўплигини айтиб ўтди. Бу жараёнда, айниқса, ЮНЕСКО ва унинг Умумжаҳон мероси маркази Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани эътироф этилди.

«Маданий меросни муҳофаза қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини инобатга олиб, бугунги тадбир иштирокчиларини Умумжаҳон мероси сифатида тан олинган тарихий шаҳарларимиз ‒ Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабзни сақлашда ҳамкорлик қилишга чақирамиз. ЮНЕСКО конвенциялари ва тавсияларини мамлакатимизда самарали амалга оширишда сизлар билан ҳамкорлик қилиш қимматли аҳамиятга эга бўлади”, - деди Бош вазир ўринбосари. 

Азиз Абдуҳакимов барча олимларни 2021 йилда Жаҳон мероси ҳисобланган қадимий Хива шаҳрида ўтказиладиган «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» халқаро форумига таклиф этди. 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net