Сайловларда сайловолди ташвиқотининг аҳамияти

22.09.2021 18:28

ТОШКЕНТ, 22 сентябрь. /«Дунё» АА/. «Сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир», - дея таъкидлайди Тошкент давлат юридик университети  ўқитувчиси, юридик фанлари доктори  Шуҳрат Ёқубов «Дунё» АА учун ушбу мавзуда йўллаган шарҳида.

Сайлов жараёнининг энг муҳим ва масъулиятли босқичларидан бири, бу – сайловолди ташвиқоти ҳисобланади.

Таъбир жоиз бўлса, сайловолди ташвиқотини спорт мусобақасининг энг муҳим яъни ҳал қилувчи босқичига ўхшатиш мумкин. Масалан, футбол бўйича жаҳон чемпионатининг саралаш ва гуруҳ бахслари умумий сайлов кампаниясига қиёсланса, унинг финал баҳслари - сайловолди ташвиқотига мос келади.

Ташвиқот давомида номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар сайловчиларни ўз номзодларига овоз беришга чақиради. ?лгари сурган номзодлари ва сайловолди дастурларини мақтаб, имкон қадар кўпроқ овоз олишга интилади.

Сайловолди ташвиқотидаги фаоллик сайлов натижаларига бевосита таъсир кўрсатади. Чунки сайловолди ташвиқоти, аввало, номзодларнинг шахси, билими ва салоҳиятини сайловчилар олдида тўла намоён қилишга, айни чоғда, сайловчиларни номзод учун овоз беришга ишонтиришга қаратилган муҳим восита бўлиб ҳисобланади.

Сайловолди ташвиқоти қачондан бошланади ва қачон тугалланади?

Сайлов кампанияси уч ой давом этса, унинг деярли охирги ойида асосан, сайловолди ташвиқоти амалга оширилади.

Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан бошланади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан, Президентликка номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва қирқ беш кун қолганида тугайди. Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

Навбатдаги сайлов 2021 йил 24 октябрь куни ўтказилишини ҳисобга олсак, номзод кўрсатиш 45 кун қолганида, яъни 2021 йил 9 сентябрь куни тугади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида номзодларларни рўйхатга олиш эса 19 сентябрь куни якунланди. Жорий сайловлардаги ташвиқот 20 сентябрь куни бошланди.

Сайловолди ташвиқоти бир кун қолганда тўхтатилади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди. Демак, жорий сайловларда сайловолди ташвиқоти 22 октябрь куни тугайди, 23 октябрь, яъни сайловдан бир кун аввал ҳамда 24 октябрь – овоз бериш куни ташвиқот олиб борилиши мумкин эмас.

Сайловолди ташвиқоти вақтида қандай ҳаракатлар тақиқланади?

Сайловолди ташвиқоти сайловда ҳал қилувчи аҳамиятга эга босқич бўлгани учун унда қандай ҳаракатлар мумкин-у, қайсилари мумкин эмаслиги қонунчиликда белгиланган.

Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

Сайловчиларни ўз томонига оғдириш учун юқорида қайд этилган хатти-ҳаракатларни содир этиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар содир этилган ҳолда тегишли жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги қонун асосида Сайлов кодексига сайловолди ташвиқотини олиб бориши мумкин бўлмаган шахслар ҳақида қўшимчалар киритилган. Унга кўра, қуйидагиларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади:

-давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари;

-Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, судьялар;

-сайлов комиссиялари аъзолари;

-диний ташкилотлар профессионал хизматчилари.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.

Ташвиқот қандай шакл ва усулларда олиб борилади?

Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти:

-оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, ?нтернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;

-босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;

-сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ташвиқот ишлари олиб боришда Сайлов кодексида тақиқланмаган бошқа усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Ўзбекистон миллий амалиётида энг кўп қўлланиладиган усул – бу сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ҳисобланади. Сўнгги вақтларда ахборот коммуникация технологияларининг ривожланиши интернет ва турли ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ташвиқот олиб бориш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Сайловчилар билан учрашувлар қандай ташкил этилиши керак?

Сайловчилар билан учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, сиёсий партиялар томонидан мустақил равишда ўтказилади.

Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади. Аввалги сайловларда ушбу комиссиялар учрашувлар ҳақида сайловчиларни хабардор этиши билан боғлиқ мажбурияти бор эди. Сайлов кодексига охирги киритилган ўзгаришларга мувофиқ сайлов комиссиялари зиммасидан бу мажбурият олиб ташланди.

Номзодлар ўзаро келишиб, биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши мумкинми? Албатта, агар улар ўзаро келишиб, бирга учрашув ўтказишни мақсад қилса, бунга чеклов мавжуд эмас. Шу билан бирга бир партия ёки номзодлар бошқа рақобатчилари билан бирга учрашув ўтказишни хоҳламаса, ўзлари алоҳида ўтказиши мумкин.

Тегишли ташкилотлар учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

Бир номзод бошқа бир номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этиши мумкинми? Ҳа, мумкин. Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

Сайловолди ташвиқотида имкониятлар тенглиги қандай тартибда таъминланади?

Ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net