Сайлов натижалари Ўзбекистон халқининг шаффоф ва одилона танловини ифода этди

27.10.2021 17:53

АНҚАРА, 26 октябрь. /«Дунё» АА/. Юқоридаги фикрни Туркия радио ва телевидение Олий кенгаши мутахассиси Аҳмет АКАЛ?Н Ўзбекистон Президенти сайлови якунлари ҳақидаги шарҳида билдирди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

– Сайлов якунларига кўра, Шавкат Мирзиёев навбатдаги беш йилга иккинчи марта Ўзбекистон Президенти этиб сайланди. Аниқки, бундан буён халқаро майдонда дунё жамоатчилиги Шавкат Мирзиёев номини янада кўпроқ эшитади.

Сайловолди тарғиботи даврида, яъни жорий йил 23 сентябрдан 3 октябргача бўлган муддатда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳриcабз, Китоб ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтган турли анжуманларда қатнашдим, уларда дунёга шон-шуҳрат келтирган, расадхона ва мадрасалар билан тамаддун тарихида номлари зархал ҳарфлар билан битилган олиму фузалоларнинг мақбараларини зиёрат этиш шарафига муяссар бўлдим.

Ўзбекистонда бўлган вақтим давомида сайловолди жараёнлари бошланган кунларда сайловда иштирок этаётган беш нафар номзоднинг портретлари, сайлов дастурларини ифодаловчи шиорлар метро, вокзал ва шаҳар майдонларини безаб турганига гувоҳ бўлдим. Маҳаллий аҳоли билан суҳбатларим давомида халқ Шавкат Мирзиёевнинг биринчи Президентлик давридан жуда мамнун эканини англаб олиш қийин эмасди. Ўзбекистонликлар ўз истиқболларини Шавкат Мирзиёев билан боғлаши, у кишидан Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг давомини кутаётганини ҳис қилдим. Бинобарин, бугунги натижа Ўзбекистон халқининг шаффоф ва одилона танловини ифода этди.

Биз ҳам Ўзбекистондаги сўнгги 5 йилда амалга оширилган ўзгаришларни яқиндан кузатар эканмиз, оммавий ахборот воситалари фаолиятида мутлақо янги давр бошланганига гувоҳ бўлдик. Ўзбекистонда том маънодаги сўз эркинлиги айнан шу даврда бошланди. Бу каби янгиланишлар бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилди. Ўзбекистонда тараққий этаётган демократик иқлим ҳаммамизни хурсанд қилади. Ўзбекистон ўзининг маданий бойликлари, иқтисодий салоҳияти, ёш аҳолиси, ипак йўлидаги стратегик жойлашуви, изчил ташқи сиёсати ва ривожланаётган демократияси билан Осиёнинг порлоқ юлдузи бўлишига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, барча Ўзбекистон халқини Президент сайловини намунавий бир шаклда ўтказгани муносабати билан чин қалбдан табриклайман.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net