Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш тартиби қандай ташкил этилади?

 

11.08.2021 15:01

ТОШКЕНТ, 11 август. /«Дунё» АА/. «2016 йилдаги Ўзбекистон Президенти сайловида 53 мингдан ортиқ фуқаро, 2019 йилдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда 150 минг сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланган», - дея таъкидлаган Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Хуршид Ботиров «Дунё» АА учун шарҳида.

- 2021 йилда Ўзбекистонда муҳим сиёсий воқеа – Президент сайлови бўлиб ўтади, - деб давом этади эксперт. - Албатта, сайловлар ҳар қандай давлат ва жамиятнинг тараққиёт йўлини белгилашдаги энг аҳамиятли сиёсий жараён ҳисобланади.

Шунга кўра, Ўзбекистонда сиёсий, давлат ва ҳуқуқий тизим босқичма-босқич модернизация қилиниши натижасида юксак демократик талабларга мос миллий сайлов тизими яратилган. Сайлов ва унга оид жараёнларни мақбуллаштириш борасида доимий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2021 йил 8 февраль куни Президент томонидан маъқулланган «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун билан сайловни ўтказиш муддати ўзгарди. Яъни Президентликка, парламентга, маҳаллий кенгашларга сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. Маълумот учун, ҳозиргача сайловлар декабрь ойида ўтказиб келинган.

2021 йилда бу воқеа 24 октябрь санасига тўғри келишини инобатга олсак, Ўзбекистон фуқаролари шу куни ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда мамлакатнинг  яқин беш йиллик истиқболи учун муҳим қарор – Президентни сайлашда иштирок этади.

Мазкур воқелик фонида сайловчилар умумий, тенг, яширин ва тўғридан-тўғри сайлаш билан бир қаторда муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан ҳам фойдаланиши мумкин.

 

Қандай ҳолларда муддатидан олдин овоз бериш мумкин?

Барча сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар қонун билан кафолатланган муддатдан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Бу ҳақида участка сайлов комиссиялари вакиллари сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш ишлари олиб борилаётган вақтда фуқароларга тушунтиради.

Сайловчи ўзининг мазкур ҳуқуқидан фойдаланиш учун участка сайлов комиссиясига шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда сайлов кунида иштирок эта олмаслик сабаби кўрсатилган аризани тақдим этиши лозим.

Бунга таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш сингари сабаблар асос бўлиши мумкин. Сабаб кўрсатилган ариза доимий яшаш жойидаги ёки сайловчилар рўйхатига киритилган тегишли участка сайлов комиссиясига тақдим этилгач, шунинг асосида сайловчига сайлов бюллетени ва конверти берилади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси иштирокида сайловчилар рўйхатига имзо қўйиши керак.

Участка сайлов комиссияси муддатидан олдин овоз бериш истагини билдирган сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши мумкин эмас.

 

Муддатидан олдин овоз бериш қачон ўтказилади?

Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади. Сайловчилар ва кузатувчилар бу ҳақида  оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилинади.

Сайлов кодексига кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайлов белгиланган санага 10 кун қолганда бошланади. Шунингдек, муддатидан олдин овоз бериш жараёни сайловга 3 кун қолганда тугалланиши кераклиги белгиланган.

Участка сайлов комиссиялари сайлов участкасидаги сайловчилар умумий сонининг беш фоизи миқдорида сайлов бюллетенларини ҳамда конвертларни округ сайлов комиссияларидан муддатидан олдин овоз бериш бошланишига камида 3 кун қолганида олади.

Яъни сайловга 13 кун қолганида участка сайлов комиссиялари муддатидан олдин овоз бериш учун сайлов бюллетенлари билан таъминланади.

Юқорида айтилганидек, сайловчи участка сайлов комиссиясига муддатидан олдин овоз бериш учун аризани тақдим этиб, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади (паспорт, ID-карта, ҳарбий гувоҳнома, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, фуқаролик паспортини йўқотган фуқароларга ички ишлар органлари томонидан берилган вақтинчалик маълумотнома, жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома) ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени ва конверти берилади.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан мустақил қарор қабул қилиши орқали тўлдирилади. Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «√» ёхуд «х» белгисини қўяди.

Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини конвертга солади ва елимлаб ёпади.

Сайловчи тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссияси аъзосига топширади.

Участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзоси сайловчи ҳозирлигида конвертнинг ёпиқлигини текширади. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссиясининг икки нафар аъзоси имзо қўяди, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади. Конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади.

Участка сайлов комиссияси аъзоси муддатидан олдин овоз берган сайловчини сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимида ва сайловчилар рўйхатида муддатидан олдин овоз берган сайловчи сифатида белгилаши шарт.

Сайлов куни участка сайлов комиссияси раиси томонидан овоз бериш бошлангандан сўнг муддатидан олдин овоз берганлар сони сайлов участкасидаги сайловчилар сони, округ сайлов комиссиясидан олинган сайлов бюллетенларнинг сони маълум қилинади ҳамда барча ҳудудларда сайлов жараёнлари якунлангандан кейин муддатидан олдин овоз бериш бюллетенлари солинган ёпиқ конвертлар сайлов қутисига ташланади ва умумий тартибда саналади.

Маълумот учун, 2016 йилдаги Президент сайловида 53 мингдан ортиқ фуқаро, 2019 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловларда 150 минг сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net