Польшада Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

 

12.10.2021 13:58

ВАРШАВА, 12 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси томонидан Вроцлав шаҳрида жойлашган олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ва ушбу шаҳарда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида Ўзбекистон Президенти сайловига бағишланган давра суҳбати уюштирилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Жорий йил 24 октябрь куни мамлакатимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайловига элчихона томонидан кўрилаётган тайёргарлик ишлари, консуллик округидаги Ўзбекистон фуқароларининг сайловда фаол иштироки билан боғлиқ масалалар мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.

Давра суҳбати чоғида Ўзбекистон Президенти сайлови кампаниясининг бориши, давлат раҳбарлигига номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари, миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритилди. Элчихона ҳузурида ташкил этилган сайлов участкаси, унда овоз бериш тартиби ҳамда консуллик округида бўлиб турган мамлакатимиз фуқароларининг сайловчилар рўйхатига киритилиши масалалари юзасидан изоҳ берилди.

Ваколатхона ҳузурида 29-сайлов участкаси ташкил этилгани ва унда сайловчиларни қабул қилиш учун барча шароитлар яратилгани маълум қилинди.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатининг мазмун-моҳияти юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилгани баробарида юртдошларимизга маҳаллий давлатнинг қонун-қоидаларига қатъий риоя этишга оид зарур тавсиялар берилди. Мамлакатимиз ҳаётида жорий йил бўлиб ўтадиган муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирларда меҳнат мигрантларининг иштироки билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот чоғида вақтинча меҳнат фаолиятини амалган ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнат шартномасида белгиланган талабларни ўз вақтида бажариш, ишчилар соғлиғи ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди. Элчихона томонидан меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларга консуллик-ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Давра суҳбати интиҳосида юртдошларимизга мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Президент сайловини элчихонанинг веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари ва республика ОАВлари орқали кузатиб бориш, уларни сайловчилар руйхатига киритиш имконини берувчи https://saylov.mfa.uz/ веб-сайтидан фойдаланиш тавсия этилгани баробарида улар бўлажак сайловда фаол қатнашишга чақирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net