Олий суд раиси: Мамлакатимизда сайлов қонунчилигида сайлов тўғрисидаги ҳужжатларни бузганлик учун муайян жавобгарлик кўзда тутилган ТОШ

 

24.10.2021 16:37

ТОШКЕНТ, 24 октябрь. /«Дунё» АА/. Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комилов иштирокида брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Олий суд раиси ҳар қандай демократик давлатда кузатилганидек, сайловолди ташвиқоти ва сайловгача бўлган барча жараёнлар, шунингдек, сайлов натижаларига нисбатан муайян эътирозлар юзага келиши табиий жараён ҳисобланишини таъкидлади.  Бундай эътирозли ҳолатлар қонун доирасида ҳал этилади. Мамлакатимизда ҳам сайлов қонунчилиги бузилиши юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби белгиланиб, сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун муайян жавобгарлик кўзда тутилган.

- Хусусан, сайлов комиссиялари сайлов кампаниясини ўтказиш даврида жисмоний ва юридик шахсларнинг Сайлов кодекси талаблари бузилгани ёки сайловни ташкил этишнинг бошқа масалалари хусусида ўзига келиб тушган мурожаатлари бўйича текширувлар ўтказади. Бунда уч кунлик муддатда мурожаатчиларга ёзма жавоб берилиши лозим, - деди Козимжон Комилов.- Сайловга камида олти кун қолганида ёки овоз бериш куни келиб тушган мурожаатлар эса дарҳол кўриб чиқилиши ва уларга тезкорлик билан жавоб қайтарилиши шарт. Бунда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан эндиликда сайлов жараёни субъектлари сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ушбу қарорлар қабул қилинганидан кейин беш кун ичида судга шикоят қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин беш кун ичида Олий судга шикоят қилиниши мумкин. Шикоятлар келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга камида олти кун қолганида эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоятни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Амалдаги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 142-моддасига кўра, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракати ва қарорлари юзасидан эътирозлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади. Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари юзасидан эътироз туғилганда, бу ишлар Олий суд томонидан кўриб чиқилади. Бу тоифадаги шикоятлар суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши зарур. Агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, шикоят дарҳол кўриб чиқилиши шарт.

Козимжон Комиловнинг таъкидлашича, сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлиб, ушбу ҳуқуқлар жиноят қонунчилиги билан ҳам муҳофаза қилинади.

Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик масаласи амалдаги Жиноят кодексининг 146 ва 147-моддаларида белгиланган.

- Таққослаш учун айтадиган бўлсак, ривожланган демократик давлатларда ҳам сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган, -деди Олий суд раиси.-  Масалан, Швейцария, Нидерландия, Германия каби давлатларнинг жиноят қонунчилигида сайловларни ўтказишга зўравонлик ёки қўрқитиш йўли билан тўсқинлик қилиш, сайлов натижаларини, сайлов ҳужжатларини сохталаштириш, сайлов сирини ошкор қилиш, сайлов ҳуқуқини амалга оширишга зўравонлик билан қаршилик кўрсатиш сингари қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Спикерга кўра, сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноят учун жавобгарлик қатъий белгилаб қўйилиши сайлов эркинлиги принципи тўлиқ амалга оширилиши, мамлакатимиз сайлов тизимининг янада демократлашиши, сайловнинг очиқ ҳамда ошкоралиги тамойиллари мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net