Марказий сайлов комиссиясининг матбуот марказида журналистлар учун пресс-брифинг ўтказилди

 

10.08.2021 16:02

ТОШКЕНТ, 10 август. /«Дунё» АА/. Бугун Марказий сайлов комиссиясининг матбуот марказида пресс-брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров, комиссия аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари тузилгани ва Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилган оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилгани маълум қилинди.

Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Баҳром Қўчқоров Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказиш бўйича тузилган сайлов округлари жойлашган манзиллар, сайлов округларининг вазифалари ҳақида сўзлаб берди.

Сайлов кодексининг 35-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситалари вакиллари бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳамда овоз натижаларини санаб чиқиш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Қонунчилик талабларига кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш жараёни бошланган. Оммавий ахборот воситалари сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган кундан бошлаб аккредитация қилиш учун Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бу мурожаатларни қабул қилиш сайловдан ўн кун олдин тўхтатилади.

Бугунгача Марказий сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтказишни сўраб қатор оммавий ахборот воситаларидан мурожаатлар келиб тушган. Йиғилишда 500 дан ортиқ журналистларга аккредитациядан ўтганини тасдиқловчи тегишли гувоҳномаларни бериш тўғрисида қарор қабул қилингани маълум қилинди ҳамда мазкур ҳужжатлар ўз эгаларига топширилди.

Келгусида ОАВдан келиб тушадиган мурожаатлар ҳам МСК томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net