Малайзияда Ўзбекистон Президенти сайловларига бағишланган брифинг ўтказилди

 

06.08.2021 16:04

КУАЛА-ЛУМПУР, 6 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонасида «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик» мавзусида онлайн-брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Малайзия академик доиралари вакиллари, ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган юртдошларимиз, шу жумладан, нефть-газ, ахборот технологиялари соҳаларида меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳамда Малайзиянинг турли олий ўқув юртларида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида рўй бераётган кенг кўламли ўзгаришлар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2021 йилнинг 23 июль кунидан эътиборан Ўзбекистон Президенти сайлови кампанияси бошланганини эълон қилгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтиши ҳамда Президент сайловида сиёсий партиялар иштироки билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Хорижда вақтинча бўлиб турган ва таълим олаётган Ўзбекистон фуқароларининг ўз конституцион ҳуқуқларини амалга оширишлари учун элчихонада сайлов участкаси ташкил этилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, брифинг давомида Ўзбекистон сайлов қонунчилигида киритилган ўзгартиришлар, Президент сайловига ўз номзодларини илгари сураётган сиёсий партиялар дастурлари билан тўлиқ танишиш учун Марказий сайлов комиссиясининг веб-сайти ва  ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилди.

 Учрашув чоғида ушбу сиёсий тадбирда ватандошларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида дипломатия ваколатхонаси саъй-ҳаракатлари билан ижтимоий тармоқларда «O‘zbekiston_farzandiman» хештеги остида тарғибот акцияси ташкил этилгани ҳам билдирилди.

Брифинг якунида юртдошларимиз олдинда турган Ўзбекистон Президенти сайловида фаол иштирок этишини якдиллик билан тасдиқлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net