НОВОС?Б?РСК, 3 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари Омск вилоятидаги «Лимакмарашстрой» компанияси ва «Омск жанубий бозори»да вақтинча меҳнат қилаётган ватандошларимиз, шунингдек, Бурятия ва Хакасиядаги ўзбек диаспора ташкилоти фаоллари билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирларда юртдошларимизга жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш жараёни ҳақида маълумот берилди. Жумладан, 14-20 октябрь кунлари Сибирь федерал округида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари учун муддатидан олдин овоз бериш нуқталари ташкил этилиши алоҳида таъкидланди.
Мулоқот қатнашчилари хориждаги фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар учун миннатдорлик билдириб, Президент сайловида фаол иштирок этишини маълум қилди.
Бундан ташқари, Бош консулхона масъуллари мазкур ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш нуқталари ташкил этиш режалаштирилган биноларда бўлиб, маҳаллий давлат ва жамоат ташкилоти раҳбарлари билан сайловни юқори даражада ўтказиш бўйича музокаралар олиб борди.