АҚШда Ўзбекистон Президенти сайловида овоз бериш якунланди

 

25.10.2021 17:07

ВАШ?НГТОН, 25 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган 4- ва Нью-Йоркдаги 5-сайлов участкаларида кеча маҳаллий вақт билан соат 20.00 да (Тошкент вақти билан 25 октябрь куни соат 5.00 да) Ўзбекистон Президенти сайловида овоз бериш жараёни якунланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мазкур сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёни Ўзбекистон Президенти сайловининг энг охирги босқичи бўлди. Элчихона ҳузурида тузилган 4-сайлов участкасида рўйхатга олинган сайловчиларнинг овоз бериш жараёнидаги иштироки 92,2 фоизни ташкил қилди.

Кузатувчиларнинг фикрларига кўра, сайлов эркин, очиқ ва Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ тарзда ўтказилди. Овоз бериш чоғида ҳеч қандай қоидабузарлик қайд этилмади.

Ўзбекистон фуқароларининг Президент сайловида фаол иштироки уларнинг республикамизда амалга оширилаётган сиёсий жараёнларга бўлган катта эътибор ва қизиқишидан далолат бериши таъкидланди. Сайлов куни ватандошлар ўз конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш учун АҚШнинг турли ҳудудлари,  жумладан, Виржиния, Делавер, Жоржия, Миссури, Мэриленд, Пенсильвания, Шимолий Каролина каби штатлардан узоқ йўл босиб, элчихонага келди.

Дипломатия миссиясидан маълум қилишларича, янги Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа АҚШда яшовчи юртдошларимиз ўртасида катта қизиқишга сабаб бўлди.

Жумладан, «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендианти Бекзод Холмуродов Ўзбекистон Президенти сайловида илк бор иштирок этганидан  хурсанд эканини таъкидлади. «Сайловда ўзбекистонлик ёшларга АҚШ каби илғор мамлакатларда ўқиш имконини берган сиёсатни қўллаб-қувватладим, - дейди у. - Давлатнинг бундай қўллаб-қувватлаши, бизни руҳлантириб, Ўзбекистон фуқароси эканимиздан фахрланишимизга мустаҳкам замин яратади».

«Мен Вашингтонга Жоржиядан келдим, чунки мен ўз мамлакатим тақдирига бефарқ эмасман. Менга овоз бериш имконияти берилганидан жуда хурсандман», - дея таъкидлади яна бир сайловчи Наталья Ясинская.

Американинг йирик АКТ-компанияси менежери Олимжон Алимов сўзларига кўра, у ҳам Ўзбекистонда кечаётган ўзгариш ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган

Элчихона маълумотига кўра, сайловга келган юртдошларимизга овоз бергандан кейин турли масалалар бўйича консуллик-ҳуқуқий хизматлари кўрсатилди. Жумладан, Америка Қўшма Штатларида вақтинча ёки доимий истиқомат қилувчи бир гуруҳ ватандошларимизга паспортлар берилди, нотариал  ҳаракатлар амалга оширилди ва вақтинчалик консуллик рўйхатидан ўтказилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net