Саудия Арабистонининг «Acwa Power» компанияси билан 2 миллиард долларга тенг учта битим имзоланди

05.03.2020 11:31

ТОШКЕНТ, 5 март /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси билан умумий қиймати 2 миллиард долларга тенг учта битим имзолади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу битимлар Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш ва хавфсизлигини таъминлашни янада такомиллаштиришга қаратилган.

Қуввати 1500 МВт бўлган янги буғ-газ қурилмасини (БГҚ) Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳарчасида қуриш режалаштирилган. Келишувга мувофиқ, ушбу электр энергияси ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестиция лойиҳасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ягона харидор сифатида иштирок этади.

Қуриладиган янги буғ-газ қурилмаси самарадорлиги 60 фоиздан зиёд бўлиб, у электр энергияси ишлаб чиқаришдаги табиий газ сарфини қарийб икки мартага қисқартириш имконини беради.

Энергетика вазирлиги билан қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш бўйича имзоланган шартномага биноан эса, «ACWA Power» компанияси Ўзбекистонда 500 – 1000 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуради ва фойдаланишга топширади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан имзоланган учинчи келишувга мувофиқ, «ACWA Power» компанияси “Air Products & Chemicals” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда коммунал ва кимё технологияси соҳаларида мутахассислар тайёрлаш бўйича техник кўникмаларни оширишга қаратилган ўқув дастурларини тақдим этади.

– Энергетика соҳасига оид ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш учун илғор хорижий тажрибани ўрганиш, уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпмиз, – деди энергетика вазири Алишер Султонов. – Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида «ACWA Power» компанияси халқаро ҳамкор сифатида танлангани ҳам шу мақсадга қаратилган. Чунки компания соҳада самарадор фаолият кўрсаткичлари бўйича катта тажрибага эга. Саудия Арабистони энергетиклари билан ҳамкорлик хусусий инвесторларни иқтисодиёт тармоқларига фаол жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади. «ACWA Power» билан келишилган энергетика соҳасига оид лойиҳалар Ўзбекистон учун тарихий босқич бўлиб, муқобил энергия манбалари орқали энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича амалиётларимизни қўллаб-қувватлайди. «ACWA Power»нинг ақлли, энергия тежайдиган технологиялари мамлакатимиз электр энергетика соҳасига 2000 МВт дан ортиқ қўшимча қувватни тақдим этади.

?мзоланган келишув битимлари Ўзбекистоннинг глобал энергия бозорида тобора ортиб бораётган ролини, унинг энергия хавфсизлиги ва энг замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини акс эттиради. Бу, шунингдек, Ўзбекистон чет эл инвесторлари учун жозибадор масканга айланаётганининг яна бир тасдиғидир.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, инвесторларга берилаётган имкониятлар бизни бу ерга етаклади, – деди «ACWA Power» компанияси раиси Муҳаммад Абунайян. – Энергия соҳасидаги тажрибамиздан амалиётда фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда энергетика соҳасининг ривожига муносиб ҳисса қўшиш истагидамиз ва бу биз учун улкан шараф. Ҳамкорлигимиз миллий ва ижтимоий ривожланиш учун янги имкониятларни яратади ва давлатларимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшади. Сирдарёда ташкил этилаётган корхоналар учун мутахассислар тайёрлаш бўйича битимга кўра, таҳсил оладиган фуқаролар корхонамизнинг Ўзбекистон ва дунёдаги бошқа  шўъбаларида меҳнат қилиш имконига эга бўлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net