Санкт-Петербург жамоатчилиги вакиллари шаҳарда Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш таклифи билан чиқди

17.02.2021 11:27

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 17 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва «Uzbekistan Airways» АЖнинг мазкур шаҳардаги ваколатхоналари ҳамкорлигида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ва навоийхонлик кечаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Адабий кечада Санкт-Петербург етакчи илмий-тадқиқот муассасалари ва кутубхоналар раҳбарлари, дипломатик корпус, маданият марказлари ва ўзбек диаспораси вакиллари, ушбу шаҳарда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.

Тадбир қатнашчиларига Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган Россия миллий кутубхонаси қўлёзмалар бўлимида сақланаётган Алишер Навоий ҳаётлик даврида буюк шоирнинг ҳиротлик таниқли хаттот Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган «Биринчи девони» қўлёзмаси ва бошқа адабиётлар тўғрисидаги видеолавҳа ҳамда ўзбек тилини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида ҳужжатли фильм намойиш этилди. Талабалар томонидан ўзбек ва рус тилларида ўқиб берилган Алишер Навоий қаламига мансуб ғазаллар анжуман меҳмонларида катта таассурот қолдирди.

 Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори ?рина Попова Алишер Навоийнинг 580 йиллиги юбилейи халқаро кўламда кенг нишонланаётганини таъкидлар экан, қизиқарли тарихий воқеага эътибор қаратди. “Жорий йил сентябрь ойида институтимизда Ленинград қамали мавзусига бағишланган йирик халқаро конференция ўтказилади, - деди у. - Ушбу тадбир доирасида Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ҳам ташкил этилади. Гап шундаки, ўша машъум ва мураккаб қамал даврида, яъни 1941 йил 29 декабрь куни институтда Навоий таваллудининг 500 йиллигига бағишлаб навоийхонлик кечаси ўтказилган. Бу анжуман ҳақидаги маълумотлар, Алишер Навоий қаламига мансуб қўлёзмалар ва адабиётлар институт музейида алоҳида эътибор билан сақланмоқда. Конференцияда ана шу улуғ маданий меросни кенг илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ниятидамиз”.

Ленинград «Дўстлар уйи» директори Владимир Михайленко у раҳбарлик қилаётган муассасада Ленинград вилояти ва Санкт-Петербург шаҳрида ягона бўлган интерактив ўзбек маданияти музейи ташкил этилганини маълум қилди. Шунингдек, у Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида келажак авлодни кенгроқ таништириш мақсадида «Дўстлар уйи» ҳудудида Навоий ҳайкалини ўрнатиш таклифини билдирди.

Тадбир иштирокчилари ҳукмига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси давлат тилини ривожлантириш департаменти кўмагида мамлакатимиз Фанлар академиясининг бир гуруҳ олимлари томонидан яратилган беш жилдли «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» ҳам ҳавола этилди. Шунингдек, мазкур нашрни яратиш бўйича олиб борилган изланишлар, ўзбек тилининг халқаро майдонда тутган ўрни ҳақида маълумот берилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net