Россия – Қозоғистон чегарасида тўпланган Ўзбекистон фуқароларини ватанга олиб келинади

19.05.2020 10:36

ТОШКЕНТ, 19 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тезкор штабидан хабар қилинишича, давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан Россия – Қозоғистон давлатлараро чегарасида тўпланган Ўзбекистон фуқароларини ватанга олиб келиш масаласи ишлаб чиқилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Москва ва Нурсултон шаҳарларидаги элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги Бош консулхоналари томонидан «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинида бўлиб турган ватандошларимиз рўйхати тузилди ҳамда ташкилий ва транспорт масалалари ҳал қилинди.

Ушбу ўтказиш пунктида орқали мамлакатимизга олиб келинадиган 1 минг 100 нафар ҳамюртимиз рўйхати шакллантирилди. Улар 18 май ва 19 май кунлари 550 нафардан бўлиб автобусларда Ўзбекистонга қайтарилади. Улар етиб келишлари билан 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

Қайд этилишича, ватандошларимизнинг Россия – Қозоғистон чегараси орқали Ўзбекистонга олиб келиниши истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан аввалдан шакллантирилган рўйхат асосида амалга оширилмоқда. Айни пайтда қўшимча рўйхат тузиш кўзда тутилмаган.

“Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти ёки бошқа Россия – Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликлари, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз. Фуқароларимизни Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга олиб келишнинг қайта йўлга қўйилиши тўғрисида қўшимча маълумот берилади”, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тезкор штаби хабарида.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net