Россия Федерацияси Давлат фильм фондида сақланаётган "Келинлар қўзғолони" ва "Аччиқ данак" фильмлари Ўзбекистонга қайтарилди

14.12.2020 11:45

ТОШКЕНТ, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Россия Федерацияси Давлат фильм фондида сақланаётган "Келинлар қўзғолони" ва "Аччиқ данак" фильмлари ҳамда ўтган 60-йилларининг 9 та мультипликацион фильми эталон негативларидан рақамлаштирилиб, Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири «Ўзбеккино» маълумотига таяниб.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти кўмаги билан амалга оширилмоқда.

Ўзбек киносининг олтин фондидан жой олган “Келинлар қўзғолони” фильми суратга олинганига 35 йил тўлди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад асари асосида яратилган фильм режиссёри Мелис Абзалов, сценарий муаллифи Эдуард Акопов,  постановкачи оператор Нажмиддин Ғуломов, композитор Мирҳалил Маҳмудов, постановкачи рассом Эмонуэль Калантаров. “Аччиқ данак” фильми эса жорий йил 45 йиллик юбилейини нишонламоқда. Болалар учун мўлжалланган фильм режиссёри Қамара Камолова, сценарий муаллифи Ярослав Филиппов, постановкачи оператор Александр Панн, композитор Румиль Вильданов, постановкачи рассом Наримон Раҳимбоев.

Республика кинофонди Россия Федерацияси Давлат кинофильм фонди билан ўзбек киносининг олтин меросига айланган «Тоҳир ва Зуҳра»  (1945 йил, режиссёр Наби Ғаниев), «Маҳаллада дув-дув гап» (1960 йил, режиссёр Шуҳрат Аббосов), "Али бобо ва 40 қароқчи" (1980 йил, режиссёр Латиф Файзиев), «Ленинградликлар, болаларим менинг…» (1980 йил, режиссёр Дамир Салимов) каби ўнлаб фильмларни рақамлаштириб, Ўзбекистонга қайтаришни режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида тадбиркор Алишер Усмоновнинг кўмаги билан "Ўткан кунлар" фильми ҳам худди шундай тартибда юртимизга қайтарилган эди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net