Роберт Кох институти экспертлари короновирусга қарши курашда тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонга келади

08.08.2020 11:34

БЕРЛ?Н, 8 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонннинг Германиядаги элчихонаси вакиллари Германиянинг жамоат соғлиғини сақлашдаги энг нуфузли ташкилотларидан бири ҳисобланган Роберт Кох институти Халқаро соғлиқни сақлаш маркази раҳбари А.Янсен билан коронавирусга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда «Дунё АА мухбири.

Учрашувда ҳозирги пайтда барча давлатлар учун «ҳаёт-мамот» жангига айланган короновирусга қарши курашда ушбу мамлакат мутасадди ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, уларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва республикада тадбиқ этишни ташкил қилиш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидлаш керакки, коронавирусга қарши курашишда Европа давлатлари, жумладан Германия юксак натижаларга эришаётгани барчага маълум.

Бу борада Роберт Кох институти Германия ҳукумати ва давлат соғлиқни сақлаш идоралари учун асосий маслаҳат маркази ҳисобланиб, юқумли касалликларни олдини олиш ва назорат қилиш, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги узоқ муддатли тенденцияларни таҳлил қилишда муҳим ўрин тутади. Турли хил бактериал ва вирусли касалликлар бўйича миллий маълумот маркази ва лабораториялар ҳам мазкур институтда  жойлашган. Бу ерда фаолият олиб бораётган 1 минг 300 дан ортиқ олим ва эксперт минтақавий эпидемияларни текшириш ва зарур чоралар белгилашда масъул бўлиб, тегишли ҳукумат идоралари билан биргаликда фавқулодда вазиятлар режасини ишлаб чиқади.

Учрашув доирасида дунё давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашишда амалга оширилаётган ишлар, эпидемиологик вазиятни назорат қилиш борасида белгиланган қатъий чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги кўплаб тиббиёт муассасалари шифохоналар ушбу вирус билан касалланган беморларни даволаш учун қайтадан жиҳозлангани, шунингдек, коронавирусга чалинган беморлар учун тезкорлик билан алоҳида шифохоналар қурилгани таъкидланди. Бироқ янги коронавирус инфекциясига қарши курашда халқаро тажриба ва малакали мутахассисларга эҳтиёж борлиги сабабли Робет Кох институти етакчи экспертлари ва тажрибали врачларидан иборат гуруҳнинг Ўзбекистонга кўмаклашиш учун юбориш имкониятини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.

А.Янсен дунё бўйлаб кенг тарқалган COVID-19 инфекциясига  қарши курашда халқаро ҳамжамиятнинг янада жипслашиши лозимлиги,  жумладан Германия ҳам ёлғиз ўзи уни енга олмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистонда янги коронавирус инфекцияси профилактикаси, назорати ва даволаш тадбирларини амалга оширишда Германия тажрибасига бўлган қизиқиш учун миннатдорлик билдириб, республикага экспертлар гуруҳи сафарини икки босқичда ташкил этиш мумкинлигини билдирди.

— COVID-19га қарши самарали курашда, уни бартараф этишда халқаро ҳамжиҳатлик жуда ҳам муҳимдир, — деди немис мутахассиси. — Шу боисдан ҳам Роберт Кох институти дунёнинг кўплаб давлатлари  ва нуфузли халқаро ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Биз Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан илк бор жорий йилнинг май ойида телеконференция орқали мулоқот қилиб, маълумот ва тажриба алмашдик, ушбу офатга қарши ҳамкорликда қандай кураш олиб бориш хусусида фикрлашдик. Бугун Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида навбатдаги қадамда COVID-19га қарши ҳамкорликда қандай самарали кураш олиб бориш имкониятларини муҳокама этдик ва тегишли келишувга эришдик. Ушбу келишувга биноан Робет Кох институти ўз эспертлари ва Шарите клиникаси врачларидан иборат дастлабки гуруҳни Ўзбекистонга юборишга келишдик.  Биз ушбу гуруҳ таркибини қисқа вақт ичида шакллантириб, Ўзбекистонга юборишни ташкил этишга ҳаракат қиламиз. Кейинчалик олинган хулоса ва эҳтиёж асосида узоқроқ муддатга иккинчи гуруҳ сафарини ташкил этамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net