Қозоғистонда туризм соҳасида «Олтин тўртбурчак» лойиҳаси тақдим этилди

15.02.2020 10:29

ОЛМАОТА, 15 февраль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Олмаота шаҳридаги бош консуллиги томонидан Қозоғистон ижтимоий-сиёсий доиралари, сайёҳлик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича давра суҳбати ташкил қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АA мухбири.

Тадбирда Ўзбекистонда туризм саноатини ривожлантиришни жадаллаштириш, унинг иқтисодиётда тутган ўрни, ундаги улушини ошириш, хизмат турларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида айтиб ўтилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасида туризмни ривожлантириш, хусусан, уни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш бўйича белгиланган вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда виза сиёсатини янада либераллаштириш, 86 мамлакат фуқаролари учун визасиз тартибнинг жорий этилгани, шунингдек, сайёҳларнинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга сафарини ташкил этиш учун умумий «?пак йўли визаси»ни жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Мулоқот чоғида туризм йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Буюк ипак йўли брендини тарғиб қилиш, учинчи давлат сайёҳлари учун Самарқанд, Бухоро, Хива, Туркистон ва Тараз шаҳарларига туристик турларни ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги туризм элчиси Лаззат Aханова минтақа мамлакатларида туризмни ривожлантиришдаги алоҳида ёндашув сифатида «Олтин тўртбурчак» лойиҳасини тақдим қилди.

Лойиҳага минтақанинг ноёб тарихий ва маданий ёдгорликлари, халқ ҳунармандчилиги марказлари сақланиб қолган Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, шунингдек, Нур-Султон, Олмаота, Туркистон, Ўтрор, Тараз, Чимкент шаҳарлари киритилган. Ушбу йўналиш йилига 20 миллионга яқин маҳаллий сайёҳларни қабул қиладиган Россиянинг «Олтин узук» туристик йўналишининг муқобил кўринишидир.

Л.Aханова Қозоғистон компанияларини ушбу лойиҳада «ягона ойна» тамойили бўйича иштирок этишга таклиф қилди.

«Бу Буюк ипак йўлининг тарихий шаҳарларига ягона саёҳатни ташкил этиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилиш имконини беради», деди у.

Тадбирда 2020 йилнинг март ойида Ўзбекистонга медиа-тур уюштириш имкониятлари ўрганилди.

Муҳокамалар якунида «Олтин тўртбурчак» лойиҳасини амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net